Тошкент аэропортида самолёт фарроши йўловчининг пулларини ўзлаштириб олди
Ҳозирда терговга қадар текширув бошланган.

Тошкент аэропортида самолёт фарроши йўловчининг сумкасидаги пулларни ўзлаштириб олди. Бу ҳақда Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти хабар берди.
Ҳолат 10 март куни соат 23:30да пойтахт аэропортида бўлиб ўтган. Олма Ота–Тошкент авиарейси билан келган Ўзбекистон фуқароси ҳаво кемасида сумкасини унутиб қолдирганини ва унинг ичида 1 800 АҚШ доллари, 300 минг сўм, банк картаси, қулоқчинлар ва телефон қувватлагичи бор бўлганлигини маълум қилган.
Олиб борилган терговга қадар текширув ишлари натижасида аниқланишича, самолётларни тозалаш билан шуғулланувчи хусусий клининг компанияси ходими (аёл киши) мазкур сумкани топиб олиб, ўзлаштириб олган.
Ундан юқоридаги кўрсатиб ўтилган пул ва буюмлар ашёвий далил сифатида холислар иштирокида расмийлаштирилиб олинган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.







