“Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” давлат дастури доирасида таълим жараёни иштирокчиларини психологик қўллаб-қувватлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан 20–21 август кунлари Тошкент шаҳридаги Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетида умумий ўрта таълим мактаблари психологлари учун республика ўқув-семинари ўтказилди. Тадбирда мамлакатнинг турли ҳудудларидан 220 нафар етакчи тренер-психологлар иштирок этди.


Семинарнинг асосий мақсади мактаб психологларининг касбий билим ва кўникмаларини бойитиш, замонавий илмий ёндашувлар ва инновацион методларни ўрганишдан иборат. Машғулотларда ўқувчиларнинг ёш ва индивидуал психологик хусусиятларини инобатга олиш, стресс ва конфликт ҳолатларида самарали ёрдам кўрсатиш, ота-оналар билан конструктив мулоқот олиб бориш ҳамда таълим муҳитида мотивацияни ошириш бўйича назарий ва амалий кўникмалар берилди.


Дастлабки кунларда иштирокчиларга психологик хизмат кўрсатишнинг норматив ҳужжатлари, диагностика усуллари, рақамли ресурслардан фойдаланиш, девиантология асослари бўйича маълумотлар тақдим этилди. Кейинги машғулотларда эса “Коррекция методлари”, “Ота-оналар билан ҳамкорлик”, “Стрессларга бардошлилик” ва “Тренингларни ташкил этиш” каби мавзулар ўқитилди. Шунингдек, арт терапия, эртак терапияси ва реджио педагогика бўйича кўргазмали хоналар ташкил қилинди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бундай семинарлар нафақат пойтахтда, балки ҳудудларда ҳам тизимли равишда ўтказилади. Унда қатнашган психологлар ўз билим ва тажрибаларини жойлардаги 13 мингдан ортиқ ҳамкасблари билан улашиб, таълим муҳитида соғлом психологик атмосфера яратишга хизмат қилади.


