Бугун, 24 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида йўловчи автобус иккита автомашина билан тўқнашиб кетди. Бу ҳақида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ маълум қилди.
Ҳолат соат 10:10 ларда Олмазор тумани Талабалар кўчасида содир бўлган. “King Long” русумли автобус ҳайдовчиси кўча бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган вақтида Cobalt ва Tracker билан тўқнашиб кетган.
Дастлабки маълумотга кўра, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси Cobalt русумли автомобиль ҳайдовчиси айби билан содир этилган. Оқибатда Tracker ҳайдовчиси К.Ф., ундаги икки нафар йўловчилар енгил тан жароҳати олган. Бундан ташқари, учала транспорт ҳам техник жиҳатдан шикастланган.
Ҳозирда ушбу йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган.


