Тошкент шаҳрида ҳаракатланиб кетаётган Tracker-2 русумли автомобилдан 2 ёшли бола йўл қатнов қисмига тушиб кетди. Ҳодиса акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, жамоатчиликда катта хавотир уйғотди.
Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотига кўра, воқеа 2026 йил 13 январь куни соат 17:05 лар атрофида Мустақиллик шоҳ кўчасида содир бўлган. 2000 йилда туғилган ҳайдовчи M.M. бошқарувидаги автомобилнинг орқа ўриндиғида бўлган, 2024 йилда туғилган фарзанди машинанинг орқа чап эшиги очилиб кетгани сабаб йўлга йиқилиб тушган.
Расмий изоҳда қайд этилишича, ҳолат ҳайдовчининг эътиборсизлиги оқибатида юз берган. Шунга қарамай, автомобиль ортидан келаётган BYD русумли машина ҳайдовчисининг ҳушёрлиги туфайли боланинг босиб кетилиши олди олинган ва оғир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлишига йўл қўйилмаган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимининг зудлик билан боланинг олдига югуриб бориб, уни йўлдан олиб чиққани акс этган. Айни пайтда боланинг соғлиғи ҳолати бўйича расмий қўшимча маълумот берилмаган.


