2 август куни Тошкент шаҳри Янги Ҳаёт туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 19 ёшли скутер ҳайдовчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, соат 19:10 атрофида КХАЙ кўчасининг 58-уй қаршисида Lacetti русумли енгил автомашина, скутер ва Isuzu юк автомашинаси тўқнашуви юз берган. Ҳодиса натижасида 2006 йилда туғилган М.С. исмли скутер ҳайдовчиси олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш оқибатида одам ўлимига сабаб бўлиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


