Доналд Трамп маъмурияти Америка фуқаролари ноқонуний ҳибсга олинаётган давлатлар рўйхатини шакллантиришни назарда тутувчи ижро фармони устида ишлаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда CBS News хабар берди.
Мазкур ташаббуснинг асосий мақсади — АҚШ фуқароларининг хавфли мамлакатларга саёҳатини камайтириш ва мазкур давлатлар раҳбариятини ноқонуний ҳибсда сақланаётган америкаликларни озод қилишга мажбур қилишдир.
Кўриб чиқилаётган мақом “терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат” мақомига ўхшаш бўлиб, АҚШ Давлат департаментига бундай мамлакатларга нисбатан санкциялар қўллаш ва Америка паспортлари орқали у ерларга киришни чеклаш имконини беради.
Ҳозирда Давлат департаменти хорижий сафарлар учун тўртта хавф даражасини белгилайди. Энг юқори даражага Россия киритилган бўлиб, “саёҳат қилманг” категорияси остида турибди. Бу рўйхатга, шунингдек, Эрон, Афғонистон, Венесуэла ва Шимолий Корея каби мамлакатлар ҳам киради.
Foley Foundation маълумотларига кўра, 2024 йилда камида 54 нафар АҚШ фуқароси 17 та мамлакатда ноқонуний равишда ҳибсга олинган ёки гаровга олинган.
Сўнгги йилларда Россияда америкаликларнинг бир неча бор ҳибсга олиниши халқаро резонанс уйғотган. Жумладан, денгизчи Пол Уйлан ва журналист Эван Гершкович узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, 2024 йил августида маҳбуслар алмашинуви орқали озод этилган. Шунингдек, баскетболчи Бритни Грайнер 2022 йилда нашa мойи олиб киришда айбланиб тўққиз йилга қамалган ва кейинчалик Россияда қамалган Виктор Бутга алмаштирилган. Ҳозирда ҳам бир нечта америкалик Россия қамоқхоналарида сақланмоқда.


