Трамп АҚШда фавқулодда ҳолат режимини жорий қилди
Бунга савдода юзага келган номутаносибликлар сабаб бўлди.

АҚШ президенти Доналд Трамп 2 апрель куни миллий хавфсизликни таъминлаш ва савдо мувозанатини тиклаш мақсадида фавқулодда ҳолат режимини жорий этди. Бу қарор, АҚШнинг асосий савдо шериклари билан ўрнатилган иқтисодий алоқалардаги номутаносибликлар ва глобал савдо тизимининг нохуш ҳолатига жавобан қабул қилинди.
Трампнинг сўзларига кўра, АҚШнинг бошқа давлатлар билан савдо муносабатларида "ўзаро тенглик йўқ" ва бу алоқалар сўнгги йилларда "жуда мувозанатсиз" бўлиб қолган. Президентнинг таъкидлашича, бу савдо номутаносибликлари АҚШнинг миллий хавфсизлигига таҳдид солмоқда.
Шу билан бирга, Трамп 2 апрель куни АҚШнинг Европа Иттифоқи, Хитой ва бошқа давлатларга қарши бож қўйиш чоралари ҳақида ҳам маълум қилди. Жумладан, Европа Иттифоқи товарларига 20 фоиз, Хитой товарларига эса 34 фоиз бож солинади. Бундан ташқари, Ветнам, Ҳиндистон, Индонезия, Малайзия, Тайван, Япония каби давлатларга ҳам юқори даражадаги божхона тўловлари белгиланди. Молдова, Украина ва Озарбайжон каби мамлакатларга алоҳида тарифлар қўлланилади.
АҚШ жами 185 мамлакатдан келадиган товарларга божхона тўловларини жорий қилган бўлсада, Россия ва Беларус ушбу рўйхатга киритилмаган. Божлар икки томонлама келишув асосида белгиланиши кўзда тутилган.







