The New York Times нашрининг хабар беришича, АҚШ президенти Доналд Трамп Қатарга қаратилган ҳар қандай қуролли ҳужумни Қўшма Штатлар тинчлиги ва миллий хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳолашни белгилайдиган фармон чиқарди.
Мазкур ҳужжатга кўра, Вашингтон Қатарнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш мақсадида барча зарур чораларни кўришга тайёр. Бу чоралар дипломатик, иқтисодий ҳамда зарурат туғилганда ҳарбий воситаларни ҳам ўз ичига олади.
Фармон Исроилнинг 9 сентябр куни Доҳадаги объектларга уюштирган ракета зарбасидан кўп ўтмай эълон қилинди. Ҳужум оқибатида бир нечта инсон, жумладан, Қатарнинг хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлган эди.
Исроил зарбадан афсусдалигини билдирган ва АҚШ воситачилигида Қатарнинг расмий доиралари билан музокаралар олиб борган.
Таҳлилчиларга кўра, бундай даражадаги хавфсизлик кафолатлари илгари ҳеч бир араб давлати учун қўлланмаган. Шу боис бу қарор минтақавий геосиёсий мувозанатда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.


