Хитойнинг Шенси провинциясида жойлашган Хижинг касалхонаси шифокорлари тиббиёт тарихида илк бор генетик жиҳатдан ўзгартирилган чўчқа жигарини одамга муваффақиятли кўчириб ўтказишди. Бу ҳақда China Daily ва Global Times нашрлари хабар берди.
Бемор мия фаолияти тўхтаган (яъни клиник жиҳатдан ўлик) одам бўлган. Жараён давомида беморнинг ўз жигари олиб ташланиб, унинг ўрнига генетик ўзгартирилган чўчқа жигар ўрнатилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги жигар қон билан тўлиқ таъминланган, сафро ишлаб чиқарган ва организмда ўз функциясини бажара бошлаган. Энг муҳим жиҳати шундаки, инсон танасининг иммун тизими чўчқа органига нисбатан кескин рад жавоби (hyperakut реакция) билдирмаган.
Операция давомида барча ҳаётий кўрсаткичлар — қон айланиши, жигарнинг ишлаши ва моддалар алмашинуви — барқарор бўлиб қолган. Жараён 10 кунгача кузатув остида ўтган ва тиббий комиссиялар томонидан расмий равишда ҳужжатлаштирилган.
Мутахассислар буни хенотрансплантация (яъни ҳайвон органларини инсон танасига кўчириб ўтказиш) соҳасидаги йирик ютуқ сифатида баҳоламоқда. У инсон органларига бўлган эҳтиёжни камайтириш ва жигар етишмовчилиги билан оғриган беморлар ҳаётини сақлаб қолишда муҳим қадам бўлиши мумкин.


