Туркия қалин қор остида қолди
Айрим ҳудудларда унинг қалинлиги 1 метрга етган.

Туркия жанубидаги Газиантеп вилоятида кучли қор ёғиши транспорт ҳаракатини фалаж қилди. Бу ҳақда MIlliyet хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, бу сўнгги 54 йил ичида минтақада кузатилган энг кучли ёғган қордир. Бир кунлик қор миқдори 0,5-1 метрни ташкил этади. Қалин қор йўлларни тўсиб қўйди. Кўчаларда юзлаб юк машиналари қолиб кетган.
Тоғли ҳудудларда қолиб кетган 3 мингга яқин аҳолини эвакуация қилиш учун иккита ҳарбий вертолёт жўнатилди. Йўлларни тозалаш учун эса 900 га яқин махсус техника жалб қилинган. 2 мингга яқин автомобиль қор кўчкиси ва ариқлардан олиб чиқилди.
Аввалроқ Туркияда БМТ ходими қор кўчкисида қолиб, вафот этгани хабар қилинганди.






