Туркиянинг Анқара ва Истанбул шаҳарларида минглаб аёллар ўзбекистонлик муҳожир аёлнинг ваҳшийларча ўлдирилишига қарши норозилик билдириб, кўчаларга чиқди. Жиноят жамоатчилик орасида катта резонанс уйғотиб, аёллар ҳуқуқлари ва муҳожирлар хавфсизлиги масаласини яна кун тартибига олиб чиқди. Бу ҳақда Turkish minute нашри хабар бермоқда.
Истанбулда аёлнинг парчаланган жасади чиқинди қутисидан топилгач, ҳуқуқ ҳимоячилари ва жамоат ташкилотлари оммавий юришлар уюштирди. Шишли туманидаги "Османбей" метро бекати яқинида мингдан ортиқ киши тўпланиб, жиноят содир бўлган ҳудуд томон юрди. Намойишчилар “Эркаклар зўравонлигини тўхтатинг”, “Ўлдирилган аёллар учун адолат” ва “Муҳожир аёллар ёлғиз эмас” деган шиорларни кўтарди.
Анқарада ҳам юзлаб одамлар “Аёллар қотиллигини тўхтатамиз” платформаси чақириғи билан йиғилиб, айбдорлар қатъий жазоланишини талаб қилди. Платформа вакилларига кўра, бундай жиноятлар жазо муқаррарлигига ишонч йўқлиги сабаб янада шафқатсиз тус олмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 24 январь куни 37 ёшли ўзбекистонлик аёлнинг чойшабга ўралган, танаси бўлакларга ажратилган жасади Истанбулнинг Шишли туманида топилган эди. Тезкор тергов натижасида жиноятда гумонланган уч киши, жумладан икки нафар Ўзбекистон фуқароси аэропортда мамлакатдан чиқиб кетмоқчи бўлганида қўлга олинган. Фаолларнинг маълумотига кўра, 2025 йилда Туркияда камида 294 аёл эркаклар томонидан ўлдирилган, яна юзлаб ҳолатлар шубҳали ўлим сифатида қайд этилган.


