Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси (ГУР) аннексия қилинган Қримда Россияга тегишли икки Бе-12 “Чайка” амфибия самолёти йўқ қилинганини маълум қилди. Шунингдек, кўп мақсадли Ми-8 вертолётига ҳам зарба берилган. Вазирликка кўра, бу Бе-12 самолётининг тарихда биринчи марта йўқ қилиниши ҳисобланади.
Қримнинг Россия томонидан тайинланган раҳбари Сергей Аксёновнинг айтишича, дронлар ҳужуми ярим оролнинг жанубий соҳилидаги “Форос” санаторийсига тўғри келган. Ҳодиса натижасида уч киши ҳалок бўлди, тахминан 15 киши жароҳат олди. Форос қишлоғидаги мактаб ва санаторий ҳудудидаги бир нечта объектлар шикастлангани айтилмоқда.
Telegram’даги “Крымский ветер” канали ҳужум пайтида санаторийда “жуда муҳим меҳмонлар” бўлганини хабар қилди, аммо уларнинг шахси очиқланмади. “Крым.Реалии” нашрининг ёзишича, Форос-Ялта ҳудудида Россия сиёсий элитаси ташриф буюрадиган давлат дачалари жойлашган, улардан иккитаси президент Владимир Путин учун хизмат қилади.
Россия Мудофаа вазирлиги эса ўтган тун давомида Россия ҳудуди ва Қрим устида 114 та дрон йўқ қилинганини маълум қилди.


