1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жаҳон

Украинада ҳарбий ҳолат ва сафарбарлик яна 90 кунга узайтирилди

Бу Россиянинг Украинага қарши босқини бошланганидан буён ҳарбий ҳолатнинг 18 марта узайтирилиши ҳисобланади.

Украинада ҳарбий ҳолат ва сафарбарлик яна 90 кунга узайтирилди

 

Украина Олий Радаси ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддатини яна 90 кунга узайтирди. Қабул қилинган қарорга мувофиқ, мазкур ҳуқуқий режим камида 2026 йил 3 майга қадар амал қилади.

 

РБС-Украина Олий Рада йиғилиши трансляциясига таяниб хабар беришича, парламент ҳарбий ҳолатни узайтириш тўғрисидаги 14366-сонли ҳамда умумий сафарбарлик муддатини узайтириш бўйича 14367-сонли қонун лойиҳаларини маъқуллади. Ушбу ҳужжатлар бир кун аввал Президент Владимир Зеленский томонидан парламентга тақдим этилган.

 

Овоз бериш жараёнида ҳарбий ҳолатни узайтириш учун 333 нафар, умумий сафарбарликни давом эттириш учун эса 312 нафар депутат овоз берган. Бу Россиянинг 2022 йил февраль ойида Украинага қарши кенг кўламли босқини бошланганидан буён ҳарбий ҳолатнинг 18 марта узайтирилиши ҳисобланади.

 

Амалдаги ҳарбий ҳолат доирасида мамлакатда жамоат тартибини таъминлаш чоралари кучайтирилади, фуқароларнинг айрим ҳуқуқ ва эркинликлари чекланади, сафарбарлик ва меҳнат мажбуриятлари жорий этилади, шунингдек, ахборот майдони устидан назорат кучайтирилади. Комендантлик соати Карпатия минтақасидан ташқари деярли бутун ҳудудда амал қилмоқда.

 

Умумий сафарбарлик шароитида 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган ҳарбий хизматга мажбур эркаклар ҳарбий рўйхатдан ўтиши, маълумотларини янгилаб бориши, ҳарбий ҳужжатларни доимо ўзи билан олиб юриши ва чақирув бўйича белгиланган вақтда тегишли идораларга етиб бориши шарт.

 

25 ёшдан 60 ёшгача бўлган, ҳарбий хизматга яроқли ва кечиктириш ҳуқуқига эга бўлмаган эркаклар мажбурий сафарбарликка тортилади. 18–25 ёшдаги шахслар эса айрим ҳолларда ёки ихтиёрий шартнома асосида ҳарбий хизматга жалб этилиши мумкин. Ҳарбий рўйхатда турган аёллар фақат ўз розилиги билан ҳарбий хизматга чақирилади.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика