“Украинанинг қарши ҳужуми совуқ ҳавода ҳам давом этади”
Кирилл Буданов Россияга қарши ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилмаслигини айтди.

Украинанинг қарши ҳужуми совуқ ҳаво шароитида ҳам давом эттирилади. Бу ҳақда Украина Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов маълум қилди.
У қарши ҳужумда олдинга силжиш кутилганидан секинроқ бўлётганини тан олди ва вазиятнинг ўта мураккаб эканини қўшимча қилди.
“Ноқулай об-ҳавода Россия билан курашиш қийинроқ бўлади. Жанг у ёки бу тарзда давом этади. Совуқ, ёғингарчилик ва лойда жанг қилиш қийинроқ. Жанглар давом этади. Қарши ҳужум давом этади”, — деди Буданов.
Буданов, шунингдек, миналарнинг катта концентрациясини, Россиянинг кўп сонли кичик камикадзе дронларини “ҳозирча Украинанинг олдинга силжишини секинлаштираётган асосий омиллар” деб атади.







