Хорижий ва нодавлат ОТМлар учун 1 320 давлат грантига қўшимча танлов бошланди
Тест синовлари 11 декабргача ўтказилади, рухсатнома шахсий кабинет орқали берилади.

Хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари учун 1 320 та давлат гранти бўйича қўшимча танлов қабул жараёнлари қайта очилгани маълум қилинди.
Давлат комиссияси баёнига мувофиқ, 2025/2026-ўқув йили учун республика ҳудудида фаолият юритаётган хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларига ажратилган 1 320 нафар давлат гранти ўринларидан бўш қолган ваканциялар учун қўшимча танлов ўтказилади.
Мазкур тартибга кўра, 2025 йил 25 ноябрдан 4 декабргача (шу куни ҳам) хорижий ёки нодавлат ОТМларга тўлов-контракт асосида тавсия этилган абитуриентлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг my.uzbmb.uz платформаси орқали онлине рўйхатдан ўтиши керак.
Рўйхатдан ўтган талабгорлар учун 2025 йил 11 декабрга қадар тест синовлари ўтказилади.
Тест синови ўтказиладиган сана, вақт ва манзил ҳақидаги маълумотлар абитуриентнинг шахсий кабинетида эълон қилинади.
Имтиҳонда қатнашиш учун рухсатнома my.uzbmb.uz сайтидаги шахсий кабинет орқали тақдим этилади.
Эслатиб ўтилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–4319-сон (2019 йил 14 май) қарорига мувофиқ, рўйхатдан ўтаётган абитуриентлар белгиланган миқдордаги тўловни амалга ошириши шарт. Тўловни ўз вақтида бажармаган талабгорлар тест синовларига киритилмайди ва танловда иштирок эта олмайди.
Тест синовлари натижасида абитуриентлар тўплаган баллар кетма-кетлик тартибида шакллантирилиб, 2025 йил 15 декабрга қадар тегишли олий таълим ташкилотларига расмийлаштириш учун юборилади.







