Япониянинг Аи префектурасига қарашли Тоёаке шаҳри аҳолининг юзма-юз мулоқотини кучайтириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида рақамли қурилмалардан фойдаланиш вақтига чеклов қўювчи тавсияни қабул қилди. Бу ҳақда Time портали хабар бермоқда.
Маҳаллий кенгаш томонидан қабул қилинган ҳужжатга кўра, аҳоли иш ёки ўқишдан ташқари вақтда смартфон, планшет ва ноутбуклардан кунига икки соатдан ортиқ фойдаланмасликка чақирилмоқда. Тавсия мажбурий эмас ва жарима ёки ҳуқуқий санкцияларни назарда тутмайди — у ўзини ўзи назорат қилиш ва соғлом ҳаёт тарзини рағбатлантиришга қаратилган.
Ташаббус шаҳар мэри Масафуми Коүки томонидан илгари сурилган бўлиб, у рақамли экранларнинг инсонлараро алоқа ва уйқу сифатига салбий таъсири ортиб бораётганини таъкидлаган. Мэрнинг сўзларига кўра, “ҳатто поездда ёки жамоат жойларида ҳам одамлар бир-бири билан эмас, телефонлари билан ‘суҳбатлашмоқда’”.
Тадқиқотларга кўра, ухлашдан олдин экран қаршисида узоқ вақт ўтириш мелатонин ишлаб чиқарилишини камайтиради, бу эса уйқунинг сифатига, иш унумдорлигига ва руҳий ҳолатга салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, кенгаш ижтимоий тармоқларга қарамлик билан боғлиқ ташвиш ва изоляция ҳолатларини камайтиришни ҳам мақсад қилган.
Тавсия бошланғич синф ўқувчилари учун соат 21:00 дан, ўрта ва юқори синфлар учун эса соат 22:00 дан кейин телефонлардан фойдаланмасликни тавсия этади. Қарор 12 овоз билан ёқлаб, 7 овоз билан қарши қабул қилинган.
Аҳоли бу ташаббусни турлича қабул қилди: айримлар уни соғлом мулоқот ва уйқу учун фойдали деб билса, бошқалар бу чекловни “ортиқча ва амалий эмас” деб ҳисобламоқда. Шунга қарамай, мэр Коүки тавсия мавзуни муҳокама майдонига олиб чиққанининг ўзиёқ ижобий ўзгаришнинг бошланиши эканини таъкидлаган.
Мутаҳассислар бу ташаббусни таълимий дастурлар, психологик қўллаб-қувватлаш ва оилавий мулоқотни мустаҳкамлаш билан уйғунлаштиришни таклиф этмоқда. Тоёаке шаҳри ҳозирча бу қарор қандай натижа беришини кузатмоқда — у рақамли ҳаёт ва реал мулоқот ўртасида мувозанат топишга уриниш сифатида баҳоланмоқда.


