— Маълумки, юртимизда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш бўйича 8-версия стандартлари ишлаб чиқилган бўлиб, беморлар уй шароитида ҳам ана шу стандартларга риоя қилган ҳолда даволанишлари мақсадга мувофиқ, — дейди профессор.
— Шу маънода айтсак, агар ёндош касаллиги бўлган беморнинг тана ҳарорати 38 даражадан ошмаса ва иситма кўтарилиши сурункали давом этмаса, шунингдек, нафас олиши, юрак уриши бир меъёрда бўлса, бундай ҳолларда коронавирусдан уй шароитида даволаниш мумкин бўлади.
Бироқ қандли диабетга чалинган беморнинг қонида қанд миқдорининг ошиши ёки тушиб кетиши кузатилса, улар албатта стационар шароитда даволаниши лозим.
Қон босими меъёрдан ошиб ёки тушиб кетганда ҳам шифохонага ётиш керак бўлади.
Агар коронавирусга чалинган беморнинг қандли диабет хасталиги бўлсаю, қонда қанд миқдори меъёрда турса, бундай касаллар уйда даволанишлари мумкин.
Шуни билиш керакки, ҳозирда шифохонага оғир аҳволда мурожаат қилаётганларнинг аксарияти уйда ўзбошимчалик билан даволанган беморлардир. Яъни, улар касалликни даволаш учун ўз вақтида тўғри муолажа қилмаган.
Шу боис ҳамюртларимиздан одамлардан турли даво усулларини эшитиб, муолажа қилмасликларини сўраб қоламиз.
Уй шароитида даволанганда албатта шифокор назоратида бўлиш зарур.


