3-4 март кунлари "БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий ҳамкорлиги" мавзусида конференция бўлиб ўтди. Терроризм хавфининг тобора ўсиб бориши шароитида ўтказилган бу нуфузли тадбирда бир қанча муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Президент таклифи
3 март куни Шавкат Мирзиёевнинг конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатномасида қуйидаги муҳим таклифлар берилди:
— Марказий Осиёда кибертерроризм бўйича ягона электрон тармоқ яратиш;
— БМТнинг терроризмга қарши кураш бошқармаси шафелигида Минтақавий экспертлар кенгашини тузиш;
— Ёшларни радикал мафкурага қарши курашиш жараёнига жалб этиш мақсадида 2023 йилда Самарқандда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг доимий Ёшлар Кенгашини чақириш.
Охирги пункт, айниқса, катта аҳамиятга эга. Президент қайд этганидек, бу терроризмга қарши курашнинг энг самарали йўл.
“Мамлакат келажаги ёш авлодга, унинг қандай таълим-тарбия олиши ва ёшлар учун қандай “ижтимоий лифт”лар яратилишига боғлиқлигини таъкидлаган”, – дейилган мурожаатномада.
Гутерриш ташаббуси: ўзаро ишонч, умид ва инсон ҳуқуқларига асосланган жамият
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ўз нутқида терроризмга қарши кураш ва хавфсизлик масалалари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ривожлантиришга доир ишларсиз амалга ошмаслигини билдирди.
“Инсониятга қўрқув, террор ва ишончсизликка эмас, балки ўзаро ишонч, умид ва инсон ҳуқуқларига асосланган жамиятлар керак”, – деди бош котиб.
Гутерриш террор тарқалиши учун асос бўладиган омиллар сифатида камбағаллик, зўравонлик ва ҳимоясизликни кўрсатди. Бунга яққол мисол сифатида Афғонистондаги вазият келтириб ўтилди.
ШҲТ: Марказий Осиё давлатлари терроризмга қарши курашга катта ҳисса қўшмоқда
Конференцияда чиқиш қилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Чжан Мин ташкилот ушбу глобал таҳдидга қарши кураш бўйича ҳамкорликни кенгайтираётганини маълум қилди. Унинг фикрича,БМТнинг террорга қарши ҳаракатлари дунёда тинчлик ва хавфсизликда марказий ва мувофиқлаштирувчи роль ўйнайди.
“Терроризм ва экстремизмга қарши кураш барча давлатлар ўртасида биргаликда ҳаракатларни, шунингдек, кенг қамровли халқаро ҳамкорликни талаб этади”, – деди Чжан Мин.
Шу билан бирга у ҳам ёшлар орасида бузғунчи ғоялар тарқалишининг олдини олиш муҳим эканини таъкидлади. Бу айниқса, ШҲТ давлатлари учун долзарб. Чунки, Миннинг сўзларига кўра,ташкилотга аъзо мамлакатларда 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган 800 миллион киши истиқомат қилади.
Тадбирнинг иккинчи кунида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси бошлиғи Рустам Ҳотамов Республикада терроризмга қарши кураш доирасида олиб борилган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берди. хусусан, Ўзбекистон шу кунгача терроризмга қарши кураш бўйича 14 та универсал турдаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшилди. Шунингдек, ушбу йўналишда БМТ, ЕХҲТ, МДҲ ва ШҲТ билан фаол ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Ҳотамов террорга қарши курашда муҳим ташаббусни илгари сурди. Хусусан, минтақа давлатларида фаолият олиб борадиган экспертлар ва илмий ходимлар ҳамкорлиги таклиф қилинди.