Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ ва Европадан хавфсизлик кафолатлари эвазига НАТОга аъзолик талабларидан воз кечишга тайёрлигини эълон қилди, деб хабар беради The Financial Times.
Президентнинг таъкидлашича, бу масала НАТОнинг 5-моддасига ўхшаш коллектив хавфсизлик кафолатларига боғлиқ. Украина нафақат Қўшма Штатлардан, балки Европа ҳамкорлари, Канада, Япония ва бошқа давлатлардан ҳам хавфсизлик кафолатларини талаб қилмоқда.
“Биз Украина ва Қўшма Штатлар ўртасидаги икки томонлама хавфсизлик кафолатлари, шунингдек, Европалик ҳамкорларимиз ва бошқа давлатлардан хавфсизлик кафолатларини талаб қилмоқдамиз. Ҳар қандай тинчлик режаси муросалар эвазига амалга оширилади”, – деди Зеленский.
НАТОнинг 5-моддасига кўра, блок аъзосига қилинган ҳужум бутун иттифоқга қилинган ҳужум сифатида қаралади. Зеленский таъкидлаганидек, Украина ҳали ҳам Вашингтон ва Европа етакчилари билан маслаҳатлашувлардан сўнг тақдим этилган тинчлик режаси бўйича жавобни кутмоқда.
Украина 2022 йилда НАТОга тезкор аъзолик учун ариза топширган, бироқ 2025 йил декабрь бошида НАТО бош котиби Марк Рутте иттифоқ аъзолари ўртасида келишув йўқлигини билдирган. Шу билан бирга, Украина ва АҚШ делегациялари муҳокама қилаётган тинчлик режасида НАТО Хартиясининг 5-моддаси асосида қўшимча кафолатлар мавжуд.
АҚШ маъмурияти Украина учун хавфсизлик кафолатларини тақдим этишга тайёрлигини билдирган, шунингдек, Украина ҳудудининг 80 фоизини сақлаб қолиш ва қайта қуриш ишларига ёрдам кўрсатиш ҳам назарда тутилган. Ушбу шартлар 15 декабрь куни Берлинда АҚШ президентининг элчилари ва Украина делегацияси иштирокида муҳокама қилинади.
Россия Украина НАТОга аъзоликдан воз кечиши тарафдори эканлигини билдирган. Президент Владимир Путин ҳар бир мамлакат ўз мудофаа сиёсатини белгилаш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлаган, Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса Москва Киев билан фақат ишончли хавфсизлик кафолатлари асосида музокаралар олиб боришга тайёрлигини билдирган.


