Жаҳон

АҚШнинг Венесуэлага босими кучаймоқда: минтақадаги ҳарбийлар сони 15 мингдан ошди

Трамп бунга гиёҳванд моддалар оқимини тўхтатишни асосий сабаб сифатида кўрсатсада, экспертлар бу босим сиёсий мақсадларга йўналтирилган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

АҚШнинг Венесуэлага босими кучаймоқда: минтақадаги ҳарбийлар сони 15 мингдан ошди

 

АҚШ Президенти Доналд Трамп маъмурияти Венесуэла бўйича босим кампаниясини сезиларли даражада кучайтирди. Америка тарихидаги энг йирик авиация кемаси — USS Gerald R. Ford — Кариб минтақасида ҳарбий зарба бера оладиган масофага жойлаштирилаётгани маълум қилинди. Бироқ Оқ уй расмийларининг мақсад борасидаги баёнотлари бир-бирига мос эмас.

 

Сўнгги икки кун ичида президент Трамп Оқ уйда бир нечта ёпиқ йиғилиш ўтказди. Муҳокамада махсус операциялар кучларидан фойдаланиш, Венесуэла ҳудудига бевосита ҳарбий кириш каби ссенарийлар кўриб чиқилгани айтилади. Шунга қарамай, Трамп қайси вариантни танлагани ҳозирча номаълум. У журналистларга берган қисқа изоҳида Венесуэлага оид “асосан қарор қабул қилинганини”, аммо тафсилотлар ошкор қилинмаслигини билдирди.

 

АҚШнинг бу миқёсдаги ҳарбий куч тўплаши кўплаб экспертлар томонидан Мадуро ҳукуматига босим ўтказиш сифатида талқин қилинмоқда. Венесуэла раҳбари Николас Мадуро эса армияни тўлиқ жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирганини эълон қилди.

 

Мудофаа вазири Пит Ҳегсет ҳаракатлар “Southern Spear” — “Жанубий Найза” операцияси доирасида амалга оширилаётганини маълум қилди. Расмий баёнотга кўра, кампания гиёҳванд моддаларнинг Ғарбий ярим шар бўйлаб тарқалишига қарши қаратилган.

 

Авиация кемаси ва қўшимча ҳарбий кемалар етиб келиши билан минтақадаги АҚШ кучлари сони 15 мингдан ошди — бу сўнгги йилларда кузатилмаган кўлам.

 

Бироқ экспертлар АҚШнинг аниқ стратегияси мавжуд эмаслигини, маъмурият баёнотлари бир-бирига мос келмаслигини таъкидлмоқда. Трамп гиёҳванд моддаларга қарши курашни асосий омил деб кўрсатаётган бўлсада, айнан Венесуэланинг нишонга олиниши бу изоҳ билан тўлиқ мос келмайди.

 

Трампнинг ички суҳбатларда Венесуэланинг улкан нефть захиралари ҳақида тез-тез эслатгани маълум. Айрим манбаларга кўра, Мадуро АҚШга ҳарбий ҳаракатсиз ҳам нефть захиралари бўйича имтиёзлар таклиф қилган, бироқ музокаралар тўхтаб қолган. Расмийлар Форд кемасининг жойлаштирилиши ҳамон босим воситаси бўлиб қолаётганини билдирмоқда.

 

Ушбу ёндашув тарихий “қуролли дипломатия”ни эслатаётгани ҳам айтилмоқда — йирик давлатларнинг денгиз кучлари орқали сиёсий босим ўтказиши Венесуэла тарихида бундан олдин ҳам кузатилган.

 

Давлат котиби Марко Рубио ички йиғилишларда мақсад Мадуро ҳукуматини ағдариш эмаслигини таъкидлаган. Бироқ АҚШнинг ҳарбий ҳаракатлари, кескин баёнотлар ва минтақадаги куч тўпланиши бу фикрга зид талқин қилинмоқда.

 

АҚШнинг собиқ махсус вакили Эллиотт Абрамс бу ҳақда шундай дейди: “Ҳарбий кучлар у ерда абадий тура олмайди. Якунда Трамп ёки Мадуро — ким ғолиб бўлиши ҳал бўлади.”

 

Айрим иттифоқчилар АҚШ зарбаларида фойдаланилган разведка маълумотларини улашишни чеклаб қўйгани билдирилмоқда. Улар буни халқаро ҳуқуққа зид ҳаракат деб баҳолашган.

 

Форд кемасининг келиши минтақада АҚШнинг ҳарбий инфратузилмасини янада кучайтирди. Кема таркибида 75 дан ортиқ жанговар самолёт, Ф/А-18 қирувчилари, шунингдек, Б-52 ва Б-1 бомбардимончилари ҳам навбатчилик қилмоқда. Махсус операциялар кучлари ҳам кучайтирилган режимда машғулотлар ўтказмоқда.

 

Расмий баёнотларда гиёҳванд моддалар оқимини тўхтатиш асосий мақсад сифатида таърифланаётган бўлсада, экспертлар Трамп маъмуриятининг эътибори асосан Мадуро режими ва Венесуэла нефть секторига қаратилганини таъкидламоқда.

 

Дуке университети профессори Патрик Дадди: “Агар маъмурият Мадурони наркокартел раҳбари деб ҳисобласа, бу фақат гиёҳванд моддалар оқимини тўхтатиш эмас — бу режим алмаштириш стратегияси бўлиши мумкин”, — дейди.

custom img

Трамп НАТОдан чиқиш масаласини кўриб чиқаётганини маълум қилди

АҚШ президенти НАТО иттифоқчилари Эронга қарши операцияда АҚШни қўлламаганини танқид қилди.

custom img

БАА Эрон фуқароларининг мамлакатга кириши ва транзитни таъқиқлади

Чеклов дарҳол кучга кириб, резидент визаси эгалари ҳам қамраб олинди.

custom img

Афғонистонда сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлди

Табиий офатлар сабаб 476 та уй шикастланган, 290 гектарга яқин қишлоқ хўжалиги ерлари зарар кўрган.

custom img

Эрон президенти урушни тўхтатиш шартини маълум қилди

Пезешкиан Европа давлатларини Эронга нисбатан сиёсатини халқаро ҳуқуқ асосида қайта кўриб чиқишга чақирди.

custom img

Эрон урушининг иқтисодиётга таъсири ойлар давомида сезилади — Австралия бош вазири

Австарлия ҳукумати глобал иқтисодий босимлардан аҳолини тўлиқ ҳимоя қила олмаслигини билдирди.

custom img

Россия Украинанинг Луганск вилояти устидан тўлиқ назорат ўрнатганини маълум қилди.

Москва 2022 йил февралида бошланган урушдан буён учинчи бор шундай баёнот бермоқда.

custom img

Исроил ҳужумлари оқибатида Байрутда 7 киши ҳалок бўлди

Шунингдек, “Ҳизбуллоҳ” Ливан жанубида Исроил қўшинларига қарши жанг қилмоқда.

custom img

Эрон билан уруш икки ёки уч ҳафтада тугаши мумкин — Трамп

Доналд Трамп Франция ва Буюк Британияни АҚШга ёрдам бермагани учун танқид қилди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"