АҚШ тарихидаги энг узоқ шатдаун расман якунланди
АҚШ президенти Доналд Трамп федерал ҳукумат фаолиятини молиялаштиришни 30 январгача узайтирувчи қонунни имзолади.

АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат федерал ҳукуматининг иш фаолиятини 30 январгача молиялаштиришни узайтирувчи қонунни имзолади. Шу тариқа, АҚШ тарихидаги энг узоқ давом этган шатдаун расман якунланди.
Мазкур шатдаун 43 кун давом этди ва бу мамлакат тарихида ҳукумат фаолияти тўхтатилган энг узун муддат сифатида қайд этилди. Федерал бюджет бўйича республикачилар ва демократлар ўртасидаги келишмовчиликлар натижасида 750 мингга яқин федерал хизматчи иш ҳақи сақланмаган ҳолда мажбурий таътилга чиқарилган эди. Фақат авиация диспетчерлари, полиция, чегара қўриқлаш хизмати ва шошилинч тиббий ёрдам тизими ишини давом эттирди.
“Шатдаун” атамаси АҚШда давлат томонидан молиялаштириш тўхтатилиши оқибатида ҳукумат идораларининг вақтинча ёпилиши ҳолатини англатади. Бундай вазиятда зарур хизматларни бажараётган мансабдорлар маошсиз ишлашга, қолганлари эса тўловсиз таътилга чиқишга мажбур бўлади.
Ушбу шатдаун натижасида АҚШнинг НАТО иттифоқчиларига 5 миллиард доллардан ортиқ қурол етказиб бериш жараёни кечиктирилди. Доналд Трамп мамлакатнинг иқтисодий йўқотишларини 1,5 триллион доллар деб баҳолаб, бунга демократларни айблади.
“Демократлар шатдаунга қаратилган сўнгги ҳаракатлари билан мамлакатимизга 1,5 триллион доллар зарар етказди”, — деб ёзди Трамп Трутҳ Сосиал тармоғида.
Шатдаун тугагач, федерал хизматчилар иш жойларига қайтарилади ва уларга тўланмай қолган иш ҳақлари тўлиқ қоплаб берилади.
АҚШда ушбу ҳолат 2025 йил 1 октябрда, навбатдаги молия йили учун бюджет лойиҳаси бўйича келишувга эришилмагани сабабли юзага келган эди. Можаронинг асосий сабаби — Трамп маъмурияти ва Демократик партия ўртасида Обамасаре деб номланувчи тиббий суғурта дастурини молиялаштириш масаласидаги келишмовчилик бўлди.
Шатдаун даврида Молия, Соғлиқни сақлаш ва Таълим вазирликларини ўз ичига олган 7 та федерал идорада 4 мингдан ортиқ хизматчи ишдан бўшатилди. Бу 2019 йилдан бери АҚШда қайд этилган илк йирик молиявий инқирозли танаффус бўлди.







