Жаҳон

АҚШнинг Венесуэлага босими кучаймоқда: минтақадаги ҳарбийлар сони 15 мингдан ошди

Трамп бунга гиёҳванд моддалар оқимини тўхтатишни асосий сабаб сифатида кўрсатсада, экспертлар бу босим сиёсий мақсадларга йўналтирилган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

АҚШнинг Венесуэлага босими кучаймоқда: минтақадаги ҳарбийлар сони 15 мингдан ошди

 

АҚШ Президенти Доналд Трамп маъмурияти Венесуэла бўйича босим кампаниясини сезиларли даражада кучайтирди. Америка тарихидаги энг йирик авиация кемаси — USS Gerald R. Ford — Кариб минтақасида ҳарбий зарба бера оладиган масофага жойлаштирилаётгани маълум қилинди. Бироқ Оқ уй расмийларининг мақсад борасидаги баёнотлари бир-бирига мос эмас.

 

Сўнгги икки кун ичида президент Трамп Оқ уйда бир нечта ёпиқ йиғилиш ўтказди. Муҳокамада махсус операциялар кучларидан фойдаланиш, Венесуэла ҳудудига бевосита ҳарбий кириш каби ссенарийлар кўриб чиқилгани айтилади. Шунга қарамай, Трамп қайси вариантни танлагани ҳозирча номаълум. У журналистларга берган қисқа изоҳида Венесуэлага оид “асосан қарор қабул қилинганини”, аммо тафсилотлар ошкор қилинмаслигини билдирди.

 

АҚШнинг бу миқёсдаги ҳарбий куч тўплаши кўплаб экспертлар томонидан Мадуро ҳукуматига босим ўтказиш сифатида талқин қилинмоқда. Венесуэла раҳбари Николас Мадуро эса армияни тўлиқ жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирганини эълон қилди.

 

Мудофаа вазири Пит Ҳегсет ҳаракатлар “Southern Spear” — “Жанубий Найза” операцияси доирасида амалга оширилаётганини маълум қилди. Расмий баёнотга кўра, кампания гиёҳванд моддаларнинг Ғарбий ярим шар бўйлаб тарқалишига қарши қаратилган.

 

Авиация кемаси ва қўшимча ҳарбий кемалар етиб келиши билан минтақадаги АҚШ кучлари сони 15 мингдан ошди — бу сўнгги йилларда кузатилмаган кўлам.

 

Бироқ экспертлар АҚШнинг аниқ стратегияси мавжуд эмаслигини, маъмурият баёнотлари бир-бирига мос келмаслигини таъкидлмоқда. Трамп гиёҳванд моддаларга қарши курашни асосий омил деб кўрсатаётган бўлсада, айнан Венесуэланинг нишонга олиниши бу изоҳ билан тўлиқ мос келмайди.

 

Трампнинг ички суҳбатларда Венесуэланинг улкан нефть захиралари ҳақида тез-тез эслатгани маълум. Айрим манбаларга кўра, Мадуро АҚШга ҳарбий ҳаракатсиз ҳам нефть захиралари бўйича имтиёзлар таклиф қилган, бироқ музокаралар тўхтаб қолган. Расмийлар Форд кемасининг жойлаштирилиши ҳамон босим воситаси бўлиб қолаётганини билдирмоқда.

 

Ушбу ёндашув тарихий “қуролли дипломатия”ни эслатаётгани ҳам айтилмоқда — йирик давлатларнинг денгиз кучлари орқали сиёсий босим ўтказиши Венесуэла тарихида бундан олдин ҳам кузатилган.

 

Давлат котиби Марко Рубио ички йиғилишларда мақсад Мадуро ҳукуматини ағдариш эмаслигини таъкидлаган. Бироқ АҚШнинг ҳарбий ҳаракатлари, кескин баёнотлар ва минтақадаги куч тўпланиши бу фикрга зид талқин қилинмоқда.

 

АҚШнинг собиқ махсус вакили Эллиотт Абрамс бу ҳақда шундай дейди: “Ҳарбий кучлар у ерда абадий тура олмайди. Якунда Трамп ёки Мадуро — ким ғолиб бўлиши ҳал бўлади.”

 

Айрим иттифоқчилар АҚШ зарбаларида фойдаланилган разведка маълумотларини улашишни чеклаб қўйгани билдирилмоқда. Улар буни халқаро ҳуқуққа зид ҳаракат деб баҳолашган.

 

Форд кемасининг келиши минтақада АҚШнинг ҳарбий инфратузилмасини янада кучайтирди. Кема таркибида 75 дан ортиқ жанговар самолёт, Ф/А-18 қирувчилари, шунингдек, Б-52 ва Б-1 бомбардимончилари ҳам навбатчилик қилмоқда. Махсус операциялар кучлари ҳам кучайтирилган режимда машғулотлар ўтказмоқда.

 

Расмий баёнотларда гиёҳванд моддалар оқимини тўхтатиш асосий мақсад сифатида таърифланаётган бўлсада, экспертлар Трамп маъмуриятининг эътибори асосан Мадуро режими ва Венесуэла нефть секторига қаратилганини таъкидламоқда.

 

Дуке университети профессори Патрик Дадди: “Агар маъмурият Мадурони наркокартел раҳбари деб ҳисобласа, бу фақат гиёҳванд моддалар оқимини тўхтатиш эмас — бу режим алмаштириш стратегияси бўлиши мумкин”, — дейди.

custom img

Эрон билан музокара қилиш учун кеч бўлди — Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан музокаралар учун имконият қўлдан бой берилганини айтди ва АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси режалаштирилганидан тезроқ давом этмоқдаганини билдирди.

custom img

Эронда АҚШ ва Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 800 га яқинлашди

Маълумотларга кўра, мамлакатнинг 153 ҳудудида 1039 та зарба қайд этилган.

custom img

Исроил разведкаси Теҳрон камераларини бузиб, Хоманаий ҳаракатларини кузатган — Financial Times

Олинган тасвирлар шифрланиб, Тел-Авив ва Исроил жанубидаги серверларга узатилгани айтилмоқда.

custom img

Покистон нега Саудия Арабистонига ёрдам бермаяпти?

Яқин Шарқда бошланган уруш 4 кундирки давом этмоқда. Эрон АҚШнинг Саудия Арабистонидаги ҳарбий базасига ҳужум қилди. Аммо Покистон нега Саудияга ёрдам бермаяпти?

custom img

Яқин Шарқдаги сиёсий вазият сабаб Роналду Саудияни тарк этди

Эроннинг Ар-Риёддаги АҚШ элчихонасига ҳужумидан сўнг Криштиану Роналду шахсий самолётида Саудия Арабистонидан Мадридга йўл олди.

custom img

Қозоғистон Эрон масаласи бўйича музокаралар ўтказиш учун майдон тақдим этишга тайёр

Маълум қилинишича, аввал ҳам Олмаотада Эрон бўйича музокаралар ўтказилган.

custom img

АҚШ разведкаси Эрон томонидан Қўшма Штатлар ҳудудига йўналтирилган эҳтимолий ҳужумлар ҳақида огоҳлантирди

Эроннинг АҚШга қарши эҳтимолий таҳдиди кенг кўламли тўғридан-тўғри ҳарбий ҳужумларни ўз ичига олмайди.

custom img

АҚШнинг Саудия Арабистонидаги элчихонасига дронлар зарба берди

Доналд Трамп элчихонага қилинган ҳужум жавобсиз қолмаслигини билдирди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"