Ўзбекистон

"Биномиз ёққан бўлса, олишсин, лекинфаолиятимиз тугатилмасин"- Тошкентдаги ягона ўзбек тили лицейи сақлаб қолинадими?

Ўзбек тили ва адабиёти университети қошидаги академик лицей фаолияти тугатилаётгани эътирозларга сабаб бўлмоқда.

"Биномиз ёққан бўлса, олишсин, лекинфаолиятимиз тугатилмасин"- Тошкентдаги ягона ўзбек тили лицейи сақлаб қолинадими?

Ўзбек–француз университети Президентнинг тегишли қарори асосида ташкил этилмоқда. Ҳужжатда янги олий таълим муассасасининг асосий йўналишлари ҳамда тегишли чора-тадбирлар белгиланган. Унга кўра, университет лицей ҳудудида жойлашган бинолардан бепул фойдаланади, объектлар давлат бюджети ҳисобидан таъмирланиб, жиҳозланади ҳамда лицей фаолияти 2027 йилгача тугатилади. Мазкур қарордан сўнг ўқитувчилар орасида нега айнан ушбу лицей танлангани ҳақида эътирозлар пайдо бўлди.

 

 

Хусусан, Vaqt.uz нашрига гапирган ўқитувчилар лицей юқори натижалар кўрсатаётганини, шу ердан жамият учун яхши кадрлар етишиб чиққанини айтган. Аввалига бу каби эътирозларга жавобан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот котиби Назокат Абдуқундӯзова Gazeta.uz’га берган муносабатида лицейни тугатиш давлат тилига эътиборсизлик эмаслигини билдирган.

 

13 январ куни Zamon.uz мухбири мавзуни ўрганиш учун лицейга борди. Ўқитувчилар таълим даргоҳини шу даражага олиб чиқиш учун катта заҳмат чекишганини, сарфланган маблағлар исроф бўлишини, кучли жамоа тарқалиб кетишини таъкидлади. Шу куни ўқитувчиларни тинглаш учун янги Ўзбек–Франсуз ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректорлари, шунингдек Тошкент шаҳар Олий таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жавлонбек Хўжамқулов келди. Улар ўқитувчиларнинг эътирозлари ва таклифларини эшитди.

 

“Майли, биномиз ёққан бўлса, олишсин, лекин фаолиятимиз давом этсин. Битта янги университет очилишига биз қарши эмасмиз. Умуман, бу биз учун ҳам яхши. Масалан, хориждан қанча инвестициялар кириб келяпти, хорижий тажрибаларни ўрганиш жуда ҳам фойдали. Лекин нима учун лицей тугатилиши керак? Майли, биномиз ёққан бўлса, биз бошқа жойда ҳам ўқитишни давом эттира оламиз-ку. Ютуқларга эришган ўқувчиларимиз бор. Масалан, “Ёш китобхон” танловида ғолиб бўлган Авазова Севинч — бизнинг ўқувчимиз. Камбағал оиладан чиққан, унинг пойдеворини биз яратганмиз. Бундан ташқари, лицейимиздан чиққан қанча-қанча ўқувчилар давлат тизимида раҳбар лавозимларда ишлаб юрибди. Бу ерга қанча меҳнатимиз сингган. Шу даражага етиш учун оиламиздан кечиб ишлаганмиз. Бошқа жойда давом эттирайлик. Бутун Тошкент шаҳрида битта бино топилмайдими?” — дейди лицей директори ўринбосари Дилбар Алиқулова.

 

“Шу лицейда фаолиятимни 2012 йилдан бери олиб бораман. Умрим деярли шу ерда ўтган. Ҳар бир кирган гуруҳимга ўзбек тилини ўрганмасдан туриб бошқа тилни ўрганиш тўғри эмаслигини таъкидлаб келганман.

 

Аввало, ўзбек тили грамматикасини чуқур ўрган, кейин бошқа тилни яхши ўзлаштирсанг, самараси тезроқ бўлади, яъни икки карра натижа беради, деб ўргатганман.

 

Малака тоифам бор, сертификатим бор, ишсиз қолмайман. Лекин битта масала бор: бу ерда ўзбекона, шарқона муҳит мавжуд. Буни қайси лицейдан топаман? Вазирликнинг бизга юборган хатида 23 та лицей борлиги айтилган. Ўқувчиларнинг келажаги ўйланган, тўғри. Лекин қачон ўзбек тили нуфузини халқаро майдонга олиб чиқамиз? Нега шу 23 та лицейдан бири ҳам танланмади? Ҳозир мақсадсиз ишлаяпман, ўқувчиларга эртанги кун ҳақида аниқ гапира олмаяпман. Ёпилади деган хавф бор. Ҳозир бизни боладай алдаб қўйиш осон: ёпилади, кейин очилиши мумкин дейишади. Биз унгача тарқаб кетамиз”, — дейди Васила Исмоилова.

 

Бироқ, она тили ва адабиёти ўқитувчиси қўйган саволлар жавобсиз қолди.

 

“Қайси ўрта махсус таълим тизимида ўзбек филологияси бор? Биз айтамиз: кўчаларни бошқа тиллар босиб кетяпти, ўқувчилар ўзбек тилида тўғри ёза олмаяпти, деб. Биз эса шу муаммони ҳал қилиш учун кадр тайёрлаяпмиз. Вазирлик берган муносабатда буни ўзбек тилига эътибор пасайиши деб тушунмаслик керак, дейилган. Бу пасайиш эмас, балки умуман эътиборсизлик. 2025 йил 28 июнь куни Президентнинг ёшлар масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган. Унда 73 та лицейда халқаро бакалавриат ва A-level дастурлари жорий этилиши, шу асосда ўқиган ўқувчилар олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз қабул қилиниши айтилган. Биз ҳам шу лицейлар қаторида бўлишни истаймиз.

 

Талабимиз ва таклифимиз битта: лицей ёпилмасин. Нима учун битта хорижий университет очилиб, унинг ўрнига биз ёпилишимиз керак? Яқинда лицей капитал таъмирдан чиқди, унга 5 миллиард сўм сарфланди. Бу исроф эмасми?” — дейди тарих фани ўқитувчиси Дилноза Атажанова.

 

Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов йиғилишда имкони борича лицейни сақлаб қолиш кераклигини айтди. Шундан сўнг у: “Нечта кадр тайёрлаб бердинглар бизга?” — дея ўқитувчиларга юзланди. Ўқитувчилар эса бу борада ўқувчиларга мажбурий таклиф бера олмаслигини билдирди.

 

“Менинг вазифам ўқувчига қайси университетга киришни айтиш эмас. Вазифам — ўзбек тилини чуқур ўргатиб, унинг қон-қонига сингдириш. Агар у Жаҳон тиллари университетига кирса ҳам, инглиз тилидан ўз она тилини устун қўйишни ўргатаман. Ҳали ўсиб келаётган дарахтдан олдиндан мева талаб қилиб бўлмайди”, — дейди Исмоилова.

 

Учрашув давомида Ўзбек–Франсуз университети ректори олийгоҳ ҳақида маълумот бериб, ўқитувчилар фикрларини ёзиб олди. Тошкент шаҳар Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жавлонбек Хўжамқулов лицейни сақлаб қолиш бўйича таклифлар кўриб чиқилишини билдирди.

 

“Ҳозирда вазирлик даражасида лицей фаолиятини сақлаб қолиш масаласи ўрганилмоқда. Шаҳарда мавжуд бўш ер майдонлари ҳам кўриб чиқиляпти. Барча таклифлар тегишли раҳбариятга киритилади”, — деди Хўжамқулов.

 

Маълумот ўрнида, лицей битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 2023 йилда — 92,7 фоиз, 2024 йилда — 94,3 фоиз, 2025 йилда эса 95 фоизни ташкил этган. Ҳозирда лицейда 300 дан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда.

custom img

Фарғонада ҳужра ташкил қилиб, болаларга диний таълим бераётган шахс ушланди

Ҳужрада 6–14 ёшдаги 17 нафар бола ноқонуний тарзда таълим олаётгани аниқланган.

custom img

2026 йилда кимё саноатида 9,5 млрд долларлик 133 та лойиҳа амалга оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида кимё саноатидаги йирик инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

custom img

Туркияда ўлдирилган самарқандлик аёлнинг жасади Ўзбекистонга олиб келинди

Жиноятда гумонланиб 4 нафар шахс қўлга олинган.

custom img

Платформа яратиш учун ўтказилган тендерда қатнашган компаниялар бир шахсга тегишли бўлиб чиқди

Ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш платформасини яратиш жараёнида шубҳали давлат хариди ўрганилди

custom img

“Ўзбекнефтгаз” Хитой компанияси билан 30 та қудуқни бурғилаш бўйича шартнома имзолади

Лойиҳа доирасида 10 та бурғилаш дастгоҳи олиб келиниб, қудуқлар 5500−6000 метр чуқурликда бурғиланади.

custom img

Блогер Сирожиддин Одилов фирибгарликда ва пора беришда айбланиб, ҳибсга олинди

Блогер самарқандлик  фуқаронинг бошқа шахс билан молиявий масаласини ҳал қилиб бериш эвазига пул олган.

custom img

Тошкентда талабалар ва уй эгаси ўртасида ижара пули сабаб жанжал юз берди

Ҳозирда ҳолат юзасидан қонуний чора кўриш масаласи кўриб чиқилмоқда ҳамда ҳужжатларни туман судига юбориш режалаштирилган.

custom img

“Ташаббусли бюджет”даги қоидабузарликлар сабаб 10 та туман ва шаҳар овоз бериш босқичидан четлатилди

Мазкур ҳудудлардаги ишчи комиссиялар лойиҳаларни амалдаги мезонлар асосида қайта кўриб чиқмагунча чеклов сақланиб қолади.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"