Бразилия ўрмонларида 26 йил ёлғиз яшаган эркак вафот этди
У ўзи мансуб бўлган қабиланинг сўнгги вакили эди.

Бразилия жунглиларида маҳаллий қабилалардан бирининг сўнгги вакили вафот этди. У сўнгги 26 йил тўлиқ изоляцияда яшаган.
Унинг жасади 23 август куни ўз кулбаси яқинида ҳиндулар миллий фонди ходимлари томонидан аниқланган. Ушбу фонд узоқ йиллар эркакнинг ҳаётини кузатиб келган.
Марҳумнинг ёши тахминан 60 атрофида бўлган, ўлимга табиий омиллар сабаб бўлгани айтилмоқда.
У мансуб қабила 70 йиллардан буён плантаторлар томонидан қувғинга учраган. Бразилия қонунчилигига кўра, маҳаллий ҳиндулар яшайдиган ҳудудлар дахлсиз ҳисобланади. Ер эгалари ва ноқонуний олтин изловчилар уларнинг бутунлай йўқ бўлиб кетишидан манфаатдор — шундан кейин улар ҳиндулар ерларида иш олиб бориш имконига эга бўлади.
Эркак мансуб бўлган қабила 4 минг гектар ерга эгалик қилган ва хусусий фермалар қуршовида қолиб кетган. 1996 йилда ҳужум оқибатида қабиланинг олти нафар аъзоси ўлдирилади ва эркак бутунлай ёлғиз қолади. Шундан кейин хавфсизлик нуқтайи назаридан унинг ортидан махфий кузатув ўрнатилади.
Марҳум ОАВда "Чуқурдаги одам" номи билан машҳур бўлган, чунки у доимий равишда ер кавлаган. Ундан ов қилиш мақсадида фойдаланган. Овчиликдан ташқари, термачилик, қисман зироатчилик билан шуғулланган. Баъзида ўзига сомондан кулба қурган.
Эркак ҳақида ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлари ҳамкорлигида бир неча ҳужжатли фильм олинган.
Марҳум мансуб бўлган қабила ва улар сўзлашган тил номаълумлигича қолди. Қабила ташқи дунё билан умуман алоқа қилмаган. Бу улар учун хавфли бўлиши бўлган, чунки кўплаб касалликларга қарши иммунитет йўқлиги уларнинг қирилиб кетишига олиб келиши мумкин эди. Олимлар бу каби гуруҳларни одатда масофадан кузатиб боришади.
Бразилия ўрмонларида 240 қабила истиқомат қилади.






