Британия миграция қоидаларини янада қатъийлаштирмоқчи
Энди мамлакатга ноқонуний келганлар доимий яшаш учун ариза беришни 20 йил кутиши мумкин.

Буюк Британия ҳукумати мамлакатдаги миграция сиёсатини кескин қайта кўриб чиқмоқда. ББС хабарига кўра, Ички ишлар вазири Шабана Маҳмуд яқин кунларда янги тартибларни эълон қилиши кутиляпти. Таклифларга мувофиқ, Британияга ноқонуний йўл билан кириб келган ва бошпана сўраган шахслар доимий яшаш учун ариза топширишдан аввал 20 йил кутишга мажбур бўлади.
Қонуний йўл билан кирган мигрантлар учун ҳам шартлар енгил бўлмайди — улар учун доимий яшаш ҳуқуқига ариза бериш муддати 10 йил этиб белгиланади. Ҳозиргача эса бошпана мақоми 5 йил фаол бўлиб, кейин доимий яшашга мурожаат қилиш имконияти мавжуд эди. Ҳукумат эндиликда бу муддатни қисқартириб, мақомни мунтазам қайта кўриб боришни режаламоқда.
Лондонда муҳокама қилинаётган тартибларга кўра, агар бошпана талаб қилган шахс келган мамлакат “хавфсиз давлат” деб топилса, улар ўз юртига депорт қилинади. Янги чоралар мигрантлар оқимини камайтириш ва Британиянинг ички хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган.







