Экоэнспектрони калтаклаган Бувайда ҳокими ўринбосари ишдан одинди
Ҳокимлик ва ИИБ ҳолат бўйича қўшимча ахборот берди.

Аввалроқ Фарғона вилояти Бувайда туманида Найман қишлоғидаги зовур атрофида дарахтларнинг ноқонуний кесилгани ва жараён вақтида туман ҳокими ўринбосари томонидан Экология қўмитаси инспекторига нисбатан қаршилик кўрсатилгани ҳақида хабар берилганди.
Мазкур ҳолат юзасидан мутасаддилар томонидан ишчи гуруҳ тузилди ва ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганиш ишлари натижасида Бувайда тумани ҳокими ўринбосари С. Хизиров лавозимидан озод этилган.
“Шунингдек, ҳолат бўйича вилоят прокуратураси томонидан иш қўзғатилган бўлиб, ҳозирда суриштирув ҳаракатлари амалга оширилмоқда. Якуни бўйича ҳоким ўринбосарининг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилади”, дейилади хабарда.
Вилоят ИИБнинг муносабат билдиришича, Бувайда тумани Экология қўмитаси инспекторини ИИБга олиб келинганлиги бўйича ахборот ҳақиқатга тўғри келмайди.
Ҳозирда Фарғона вилоят ҳокимияти ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан Бувайда тумани ҳокимлиги вакилларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.







