Дунёдаги энг йирик автомобиль ташувчи кема Хитойдан Грецияга илк юкини муваффақиятли етказди
Яшил технологиялар юк ташиш соҳасида янги даврни бошлаб берди.

Хитойда қурилган ва қуёш энергиясида ҳаракатланадиган дунёдаги энг катта автомобиль ташувчи кема ўзининг илк халқаро юк ташувини муваффақиятли якунлади. Бу кема Хитойда ишлаб чиқарилган 4000 та автомобилни Хитойдан Грецияга етказиб берди. Мутахассислар бу воқеани юк ташиш саноатида муҳим бурилиш нуқтаси сифатида баҳоламоқда. Бу ҳақда Global times хабар берган.
Кема фақатгина анъанавий ёқилғи эмас, балки қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган энергия ёрдамида ҳаракатланади. Унинг бортида ўрнатилган илғор технологиялар ҳавога чиқадиган зарарли газлар миқдорини сезиларли даражада камайтиради. Шу боис у экологик тоза транспорт воситаси сифатида катта эътибор қозонди.
Янги авлод автомобиль ташувчи кеманинг қурилиши Хитойнинг “яшил логистикани” ривожлантиришга бўлган интилишини намойиш этади. Бу лойиҳа Хитойнинг глобал транспорт бозоридаги позициясини янада мустаҳкамлаши кутилмоқда. Кема ҳозирда турли халқаро юк ташиш йўналишларида ишлатилиши режалаштирилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, бу каби лойиҳалар келажакда денгиз транспортида углерод изини камайтиришга хизмат қилади. Хусусан, экологик барқарор транспорт воситаларига талаб ортиб бораётган бугунги кунда, қуёш батареяли кемалар юк ташиш соҳасида янги имкониятлар очмоқда.







