Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Раҳмат Қобилов 100 ёшида вафот этди
Раҳмат Қобилов – халқ хотирасида мангу қоладиган қаҳрамон.

Каттақўрғон туманининг фахрли нуронийларидан бири, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Раҳмат Қобилов 100 ёшида вафот этди.
У 1925 йилда туғилган бўлиб, ёшлигидан оғир шароитларда меҳнат қилган. 17 ёшида фронтга жўнатилган Қобилов 363-танкчилар дивизияси таркибида Полша, Чехословакия ва Австрия ҳудудларидаги жангларда жасорат кўрсатган. Бир неча бор яраланган бўлсада, сафга қайтган. Ҳарбий хизматни 1950 йилгача давом эттирган.
У урушдан кейин колхозда, электр станциясида ва алоқа соҳасида меҳнат қилган. Оилали бўлиб, 10 фарзанд кўрган ва юздан ортиқ невара-чевараларнинг бобоси сифатида эл эътиборига сазовор бўлган.
Раҳмат Қобилов тинчлик, ҳалоллик ва меҳнатсеварлик тимсоли бўлиб, ёш авлодга ибрат бўлди. У ҳаёти давомида давлатимиз томонидан уруш фахрийларига кўрсатилган ҳурмат-эътибордан баҳраманд бўлиб яшади.
Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги арафасида бу улуғ инсоннинг хотираси халқимиз қалбида абадий сақланади. Марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.







