Исроилда ўлим жазоси қайта тикланмоқда
Лойиҳа тарафдорлари уни террорни олдини олиш бўйича самарали чора сифатида баҳоламоқда.

Исроил парламенти (Кнессет) террорчилик билан боғлиқ қотилликлар учун ўлим жазоси жорий этилишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Қонун лойиҳаси 39 га қарши 16 овоз билан ўтган.
Қонун лойиҳасига кўра, агар Исроил фуқаросини қасддан ўлдириш содир этилса ва бу ҳаракат ирқчилик, нафрат ёки давлатга зарар етказиш нияти билан амалга оширилган бўлса, суд якуний ҳукмига кўра ўлим жазоси қўлланади. Лойиҳанинг тарафдорлари уни террорни олдини олиш бўйича самарали чоралар сифатида баҳоламоқда.
Бироқ, қонун лойиҳаси халқаро ҳамжамият ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилинмоқда, чунки у айнан фаластинликларга нисбатан қўлланиши мумкинлиги айтилмоқда.
Ҳозирги босқичда қонун лойиҳаси биринчи ўқишни ўтказди, ундан кейин қўмиталарда муҳокама қилинади ва яна икки ўқишдан ўтиши зарур.







