Жиззах ва Самарқандда ноқонуний дори савдоси фош этилди
ДХХ мазкур ҳолат бўйича Zamon.uz’ни хабардор қилди.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ноқонуний дори воситаларининг савдоси фош этилди, деб хабар берди ДХХ матбуот хизмати.
Жиззах шаҳрида ўтказилган тадбирда 1993 йилда туғилган икки нафар фуқаро тегишли рухсат ҳужжатлари бўлмаган 400 дона “Мисопростол” таблеткалари, 139 дона капсула, 2 дона бальзам ва 26 дона қадоқлаш қутиcини 5 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Шунингдек, тергов давомида Жиззах шаҳридаги аёллар фитнес-клубида ушбу шахслар томонидан ташкил этилган яширин дорихона-сех аниқланиб, у ерда дориларни қўлбола усулда қадоқлаш ва сотувга тайёрлаш ишлари олиб борилгани маълум бўлди.
Натижада, қадоқлаш ускунаси, 141 дона тайёр капсула, 1 040 дона сохта голограмма, 237 дона сохта штрих-код, 1 014 дона бўш капсула, шунингдек, турли қути ва пакетлар процессуал тартибда ҳужжатлаштирилди.
Шу билан бирга, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган алоҳида тадбирда 1998 йилда туғилган, фармацевтика маҳсулотларини чакана савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ менеджери ҳам қўлга олинди. У Қирғизистондан ноқонуний йўллар орқали олиб кирилган, таркибида психотроп модда мавжуд бўлган 9 800 дона дори воситасини 25 миллион сўмга сотаётган вақтда ушланган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.







