“Ку-ку-ку”: Одамзод қалбида нима гаплар?
Zamon.uz “Якшанба мутолааси”да Тоғай Муроднинг салмоқли ҳикояларидан бирини тавсия этади.

Ўқувчи ўқийман, деса китоблар кўп... Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам ўқишга арзигулик эмас, уларнинг барчасидан ҳам одам ўз дардига образ ёки воқелик орқали малҳам тополмайди, уларнинг барчасида ҳам сиз қидирган ечим бўлмайди. Бироқ мана шундай муштаракликни асарларига жо қила олган, ўзбек адабиётида ўзининг овозига эга бўлган атоқли ёзувчи борки, у ҳам бўлса, Тоғай Муроддир. Ёзувчи эл орасида “Отамдан қолган далалар”, “От кишнаган оқшом”, “Юлдузлар мангу ёнади”, “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” каби роман ва қиссалари билан айниқса машҳур. Унинг ҳикояларида ҳам бир роман ўзига сиғдира оладиган сюжет, тош босадиган муҳокамали мавзулар қаламга олинади. Балки, шунинг ўзи ҳам вақтида эътироф этилмаган, қадр топмаган ёзувчи асарлари ва шахсиятига берилган мақтов ёрлиғидир.
Масалан, “Ку-ку-ку” ҳикоясини олайлик. Ҳикоя бошдан оёқ теран психологизм асосига қурилган бўлиб, уларда одамнинг ички руҳияти доимо кўзга ташланиб туради. Ёзувчи ўз қаҳрамонларининг характерларини ана шу психологик муҳит орқали очиб беради. Шундай қилиб оддийгина ҳикоялардан бадиий кашфиёт яратади.
“Ку-ку-ку” қаҳрамони шундай тасвирланадики, у орқали ўқувчи ён-атрофида юрган одамларни яққол кўргандек, улар билан гаплашгандек бўлади. Ҳикоя асли шоиртабиат, аввал яхшигина қалам тебратиб, ҳозир умуман бошқа соҳада директор ўринбосари бўлиб ишлайдиган одам ва унинг ички олами ҳақида. Ҳикоянинг бошланишиёқ ўқувчида илк саволни уйғотади: “Нега? Нега у бу касбда ишлаяпти ва бундан розими?”
Мана шундай таҳлиллар оқими билан ёзувчи бош қаҳрамонининг табиатга, хусусан, қушларга ошуфта қалбини очиб боради, у шаҳарда яшаса ҳам, қишлоғини соғинади, жисм шу ерда бўлса ҳам, руҳ ўша покиза томонларга тортаверади...
Ҳикоя номи “Ку-ку-ку”. Нега бундай номланганини уни ўқий бошлаган ўқувчи тезда англаб олади.
Ҳар бир ҳикояда бирор-бир зиддият, ҳаётий лавҳа ёхуд воқеа жўнгина тасвирланади. Шу тасвир давомида ёзувчи ижтимоий-ахлоқий ва эстетик муаммоларга аҳамият қаратади, ҳаётда содир бўлаётган ўзгаришларга аҳамият беради, муносабат билдиради. Иккинчидан, инсон ва унга эътибор, табиат ва инсон муносабатлари, гўзаллик туйғусига ошуфталик, меҳр-мурувват масалалари пок ва самимий туйғулар билан қаламга олинади. Айни ҳикояда ҳам шундай.
Тоғай Мурод асар яратар экан, қаҳрамонларининг ўз дунёсини психологик диалекти билан бирга беради. Масалан, директор ва ҳикоя қаҳрамонининг бир-бирига бўлган муносабатлари яққол очиб берилади. Ҳикояда меҳр-мурувват ва шафқатсизлик тўқнашади. Директор дам олишга кетганида ўринбосар бош раҳбар вазифасини бажаради. У кўпгина хайрли ишларни амалга оширади. Биз айтаётган қаҳрамон очиқкўнгил, инсонпарвар, табиат билан ҳамнафас яшайдиган инсон.
Ёзувчи асарда директор ва ўринбосар мулоқотини шундай тасвирлаган:
—Жа, янгилик кўп-ку. Бизнинг ақлимиз етмайди-да шуларга. Буни қаранг-а!
Кутилмаганда директор кўзларининг оқи кўпайиб, қорачиқлари қаёққадир йўқолгандай бўлди.
—Бу маданият боғи! Бу ерда паррандалар эмас, халқ ҳордиқ чиқариши керак, тавба, ҳамма дарахтларга уя қўндириб чиқибди-я. Ҳаммаёқ мусича тезаги. Нима, бу зоопаркми?
—Ўртоқ директор, қушлар ҳам халқ.
—Сиз раҳбар ё каптарбоз октябрятми? Марҳамат ёзинг ариза. Ақли кириб қолар, болалигини ташлар деб шунча сабр қилдим...
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ёзувчи бу ҳикоясида ортиқча тасвир воқеаларига берилмайди. Директорнинг ким ва қандай қилиб бу лавозимга эришди, бу ҳақида ҳеч қандай гап йўқ, лекин асарни ўқиб бу хусусда аниқ хулосага келиш мумкин.
Ҳикояда қаҳрамонлар кайфияти яққол сезилади. Ёзувчи асарларининг содда, ихчам ва мазмундор бўлишини таъминлайди. Унинг асарларининг тематикаси ҳам янгидир. Демак, у яратган асарлар бадиийлиги ва янги ғоя, янги бир муаммоларни кўтариши билан қимматлидир. Ҳикояда тасвирлаган воқеалар, характерлар қисмати бир-бирига мантиқан жуда ҳам мос тушади.
Асардан келтирилган парчадан кўриниб турибдики, муаллиф бу ерда директор характерини алоҳида урғу бериб ифода қилган. Яъни у фақат раҳбарликни билади, амалдорликни билади, ишлаш, янгилик яратиш, бошқаларни ўйлашни эмас. Ҳақиқий фидойи инсонпарвар киши эса ўринбосар бўлиб ўтирибди. Мана шу ўй-хаёллар ёзувчининг асосий ғоясидир. Бу билан муаллиф, демак, жамиятга фидойи, меҳнатсевар чин маънодаги етук инсон керак эмас экан-да, деган савол билан мурожаат қилаётгандек ва бу савол қанча вақт ўтмасин, қандай давр алмашмасин, ўз қийматини йўқотмагандек туюлаверади ...
Шунингдек, ҳикоя ижтимоий ҳаётнинг оғриқли нуқтасини кўрсатиб қўйгани билан ҳам салмоқлидир.
Хулоса қилиб айтганда, ёзувчи ҳикоя орқали ижтимоий-ахлоқий муаммоларни ўртага ташлайди ҳамда у таълим-тарбиядаги бўшлиқнинг катта ижтимоий фожиаларига сабаб бўлиши мумкинлигидан китобхонни огоҳ этади.







