Маҳаллий мультифильмларимиз сони кўпаймоқда
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан янги анимацион фильм тақдимоти бўлиб ўтди.

Кеча Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги ташаббуси билан болажонларимиз учун янги анимацион фильм — “Мусбатой ва Манфийбек”нинг байрамона намойиши бўлиб ўтди.
Мазкур лойиҳа Кинематография агентлиги буюртмаси асосида “Ренессанс ТВ” билан ҳамкорликда тайёрланган бўлиб, фильм томошабинларга бепул тақдим этилди.

Томошабинлар, меҳмонлар ва байрамона кайфият
Намойишда киноижодкорлар, Тошкент шаҳридаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, юртдошларимиз ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида кичкинтойлар учун турли совғалар, аттракционлар, кўнгилочар ўйинлар ва бошқа байрамона тадбирлар ташкил этилди.

Мултфилм мазмуни ва тарбиявий йўналиши
Фильм асосий қаҳрамонлари — Мусбатой ва Манфийбек — характери жиҳатидан бир-биридан кескин фарқ қилувчи образлар бўлиб, ҳаётдаги доимий қарама-қаршиликни ифодалайди. Улар орқали болажонларда бутун борлиқ ва дунё ҳақида кенг тасаввур шакллантириш мақсад қилинган. Мултфилмда ахборот асрида болаларда ташқи мафкураларга нисбатан «ўзлик» иммунитетини шакллантириш ҳамда миллий қадриятларимизни эслатиш ғояси илгари сурилган. Сценарийда эса муаллиф миллий қадриятларимизни силлиқ ва содда ифодалаш орқали кичкинтойларга онгли таъсир ўтказа олган.

Яна бир кун давом этадиган кино байрами
Шу билан бирга, Кино саройининг барча залларида ўзбек ва рус тилларида турли жанрдаги фильмлар ҳам бепул намойиш этилди. Ушбу намойишлар 2 июнь куни ҳам давом этиши режалаштирилган.
Гавҳар Зиёдуллаева, журналист







