Нега Хитой Эрон учун урушга кирмайди?
АҚШ, ўз иттифоқчиларини ҳимоя қилиш орқали минтақавий ва глобал таъсирини мустаҳкамлаб келган. Шу сабабли, одатда биз буюк давлат деганда, ўз ҳамкорларини ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган давлатни тасаввур қиламиз. Агар Хитой глобал етакчиликка даъво қилаётган бўлса, у ҳам худди шундай йўл тутиши керакдек туюлади яъни Эронга ёрдам бериши керак. Аммо Хитой бундай қилмаяпти.

Эрон атрофида ҳарбий кескинлик кучайган бир пайтда энг кўп кўтарилаётган саволлардан бири – нега Хитой яқин ҳамкори ҳисобланган Эронга АҚШ ва Исроил билан тўқнашув шароитида ҳарбий ёрдам кўрсатмаяпти?
Аввало шуни таъкидлаш керакки, Хитой ва Эрон қанчалик яқин ҳамкорлардек кўринмасин, улар ўртасида расмий ҳарбий иттифоқ ёки ўзаро мудофаа мажбуриятларини назарда тутувчи келишув мавжуд эмас.
Умуман олганда, бу саволнинг ўзи ҳам кўп жиҳатдан Хитойнинг ҳаракатларини бошқа буюк давлатлар тарихи орқали тушунишга уринишдан келиб чиқади. Ўтмишда кўплаб қудратли давлатлар, хусусан АҚШ, ўз иттифоқчиларини ҳимоя қилиш орқали минтақавий ва глобал таъсирини мустаҳкамлаб келган. Шу сабабли, одатда биз буюк давлат деганда, ўз ҳамкорларини ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган давлатни тасаввур қиламиз. Агар Хитой глобал етакчиликка даъво қилаётган бўлса, у ҳам худди шундай йўл тутиши керакдек туюлади.
Мисол учун, Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ глобал етакчиликни ҳарбий иттифоқлар тармоғи орқали шакллантирди. Совуқ уруши шароитида расмий Вашингтон Совет иттифоқига қарши глобал блок шакллантириш учун ўз иттифоқчиларга энг муҳим стратегик ресурс – хавфсизликни таклиф қилди. Шундай қилиб, ўнлаб йиллар давомида Америка таъсирини қўллаб-қувватлаган, аммо шу билан бирга улкан ресурсларни талаб қилган глобал иттифоқ архитектураси пайдо бўлди. Бироқ бундай тизимнинг ўз баҳоси бор. Иттифоқчилар хавфсизлигини таъминлаш катта молиявий, ҳарбий ва сиёсий ресурсларни талаб қилади. Айнан шунинг учун, бугун, президент Трамп “иттифоқчилар хавфсизлигининг асосий молиявий ва ҳарбий юкини АҚШ кўтариши қанчалик адолатли?” - деган саволни очиқ кўтаряпти. Бироқ, АҚШ учун ушбу кафолатлардан бирданига воз кечиш осон эмас, чунки айнан шу кафолатлар АҚШнинг глобал таъсирининг асосий пойдеворига айланган.
Хитой бу тизимни кузатиб туриб, бошқача хулосага келди.
Биринчидан, Хитойнинг юксалиши Совуқ уруши давридаги каби қатъий, тотал қутбланган халқаро муҳитда эмас, бошқа халқаро муҳитда содир бўлмоқда. Иккинчидан, Хитой АҚШ каби бошқа давлатларга ҳарбий хавфсизлик кафолатларини бермаган. Пекин ўз таъсирини ҳарбий мажбуриятлар орқали эмас, балки иқтисодий ўзаро боғлиқлик орқали шакллантириш йўлини танлади. Бундай ёндашув ҳам таъсирни таъминлайди, боз устига, Хитойга ўз аскарларини бегона урушларга юборишга ҳожат қолдирмайди.
Шу билан бирга, Хитой бир вақтнинг ўзида Эрон, Саудия Арабистони, БАА ва Исроил билан муносабатларни мувозанатда сақлаб келмоқда. Хитой учун Яқин Шарқ, биринчи навбатда, энергия таъминоти ва савдо йўллари тугунидир. Бир томонга ҳарбий ёрдам бериш бошқа бир неча давлатлар билан муҳим алоқаларга путур етказиши мумкин. Агар Хитой тўғридан-тўғри Эрон томонида турса ва унга харбий кўмак берса, у автоматик равишда Эронга қарши турган давлатларнинг рақибига айланади. Бу эса унинг энг муҳим стратегик позицияси – барча билан ҳамкорлик қила оладиган йирик савдо ва инвестиция ҳамкори сифатидаги мавқеига зарар етказиши мумкин.
Шу маънода Хитой блокларга бўлинган қарама-қаршилик мантиғидан четда туришга интилади. Демократик ва авторитар режимлар, фаровон ва камбағал давлатлар, диний ва секуляр жамиятларга бўлинган дунёда Пекин барча учун универсал шерик мақомини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Шунинг учун Хитойнинг стратегияси бир томоннинг иттифоқчиси бўлиш эмас, балки барча учун шерик бўлиб қолишдир.
Энг муҳими эса, Хитой ҳарбий кафолатларни буюк давлатнинг ажралмас хусусияти, белгиси деб ҳисобламайди. Шу ўринда, Хитой дунёга кучнинг, қудратнинг бошқа моделини таклиф қилмоқда. Ўз иттифоқчиларининг хавфсизлигини таъминлайдиган АҚШдан фарқли ўлароқ, Хитой бошқа таъсир формуласини таклиф қилади: бозорлар, инвестициялар, инфратузилма ва иқтисодий ўзаро боғлиқлик.







