Марказий банк ноябрь ойида тўртта банкни жаримага тортди
Битта микромолия ва битта тўлов ташкилоти огоҳлантирилди.

Марказий банк ҳузуридаги Банк назорати қўмитаси томонидан 2025 йил ноябрь ойида ўтказилган йиғилишларда жами 41 та масала кўриб чиқилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Қўмита йиғилишларида рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 31 та масала муҳокама қилинди. Жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш бўйича 5 та, янги ташкил этилаётган микромолия ва кредит ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш бўйича 5 та, микромолия ташкилотини реестрдан чиқариш бўйича 1 та масала кўриб чиқилди.
Шунингдек, кредит ташкилотлари устав фондидаги улушга эгалик қилиш учун рухсат бериш бўйича 4 та, банкларда аудиторлик текширувларини ўтказиш ҳуқуқи учун аудиторлик малака сертификатини бериш бўйича 4 та ҳамда тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шунингдек муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш бўйича 12 та масала муҳокама қилинди.
Пруденциал нормативлар талабларига риоя этилмагани, фаолиятни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ташкил этмагани ҳамда инспекция текширувлари давомида аниқланган камчиликлар сабабли 1 та микромолия ташкилоти ва 1 та тўлов ташкилотига нисбатан чора ва санкциялар қўлланиши тўғрисида огоҳлантириш берилди.
Шунингдек, Марказий банк талаблари ҳамда инспекция текширувлари давомида, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш қоидаларига риоя қилинмаганлиги сабабли 4 та банкка нисбатан жарима санкциялари қўлланилди.







