Маск Трампни яна танқид қилди
У харажатлар бўйича қонунни “жуда жирканч иш” деб атади.

Америкалик машҳур тадбиркор Илон Маск Президент Доналд Трамп томонидан қўллаб-қувватланган республикачиларнинг харажатлар бўйича қонун лойиҳасини кескин танқид остига олди.
Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида у қонунни “жуда жирканч иш” деб атади.
“Кечирасиз, лекин мен энди буни кўтара олмайман. Бу катта харажатлар лойиҳаси – бу жирканчлик. Унга овоз берганларнинг барчаси учун бу шармандаликдир: сиз нотўғри иш қилаётганингизни биласиз”, – деб ёзди миллиардер.
Маскнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши натижасида АҚШ бюджетидаги аллақачон катта бўлган тақчиллик 2,5 триллион долларгача ортади ва мамлакат фуқаролари барқарор қарз оғирлигига дуч келади.
Аввалроқ Оқ уй Илон Маск АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятидаги вақтинча лавозимидан кетаётганини маълум қилганди. У Америка ҳукумати самарадорлигини ошириш департаменти (DOGE) ишини назорат қилган. Бу қарор Маск CBS телеканалига берган интервьюсида Вакиллар палатасининг харажатларни қисқартириш бўйича қонун лойиҳасини танқид қилганидан бир кун ўтиб эълон қилинган.







