Наманганда ноқонуний дори ишлаб чиқариш сехи фош қилинди
Қўлбола усулда тайёрланган дорилар Фарғона водийси, Тошкент ва бошқа вилоятларга етказиб берилган.

Наманган шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ва Божхона қўмитаси ҳамкорлигида ноқонуний доривор моддалар айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарувчи МЧЖ томонидан қонуний талабларга зид равишда ташкил этилган дори ишлаб чиқариш сехи фош қилинди.
Текширувлар давомида қуйидаги моддий бойликлар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди:
- 138 031 қути (9 турдаги) дори ва биологик фаол қўшимчалар (1,2 млрд сўмдан ортиқ)
- 1,8 млрд сўмлик прекурсорлар
- 3,4 млрд сўмлик флакон, қопқоқ, қути ва этикеткалар
- 18 млрд сўмлик ишлаб чиқариш ускуналари (14 номда)
- 5,6 млрд сўмлик махсус идишлар (23 дона)
Жами 30 млрд сўм қийматдаги моддий бойликлар мусодара қилинди.
МЧЖ фақатгина биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқариш учун сертификат олган бўлса-да, санитария талабларига жавоб бермайдиган жойда 9 турдаги контрафакт дори воситаларини тайёрлаган. "Пиковит" дориси "Пивовит", "Канефрон" - "Канасерон", "Эспумизан" - "Эспуметик", "Нистатин" - "Неститам" кўринишида ишлаб чиқарилган.
Қўлбола усулда тайёрланган дори воситалари Фарғона водийси, Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларга етказиб берилган. Ҳозирда қалбаки дори воситалари бўйича экспертиза тайинланиб, суриштирув ишлари олиб борилмокда.







