Ниагара шаршарасида Ўзбекистон байроғи ранглари акс этади
Буни жонли эфирда томоша қилиш мумкин.

Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан 1 сентябрь куни Канадада ва Шимолий Aмерикадаги энг машҳур сайёҳлик жойларидан бири — Ниагара шаршарасида Ўзбекистон давлат байроғи ранглари акс этади. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистоннинг Канададаги элчихонаси маълумотларига кўра, шаршарани 31 август куни маҳаллий вақт билан соат 22:30 (Тошкент вақти билан 1 сентябрь, соат 7:30)да жонли эфирда томоша қилиш мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистон дипломатик миссияси ватандошлар билан биргаликда Ниагара шаҳрида Мустақиллик байрамини кенг нишонлашни режалаштираётгани таъкидланган. Ўзбек рақс ва қўшиқлари, анъанавий ўзбек палови билан тантанали зиёфат ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, Ниагара шаршараси ўтган йили Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан илк бор Ўзбекистон байроғи рангларига бўялган эди.







