Огоҳ бўлинг: “Ўн икки оёқли ўргимчак” тўрига илинманг
Бир неча кун олдин пойтахт ИИББ ота-оналарни «Рёдан» ёшлар ҳаракатидан огоҳлантириб, ота-оналардан фарзандларининг ҳаётига, уларда кечаётган ўзгаришларга бефарқ бўлмасликка чақирганди.

Тошкент шаҳар ИИББ 3 март куни ота-оналарни «Рёдан» ёшлар ҳаракатидан огоҳлантириб, ота-оналардан фарзандларининг ҳаётига, уларда кечаётган ўзгаришларга бефарқ бўлмасликка чақирди. 5 март куни эса Тошкентда «Рёдан» ҳаракатига алоқадорликда гумонланган 50 га яқин ўсмир ушланиб, профилактик суҳбат ўтказилганидан сўнг қўйиб юборилди. Кириб келган янги таҳдид — «Рёдан» аслида қандай ҳаракат ва у ҳақида нималар маълум?
«Рёдан» ёшлар субмаданияти бўлиб, унинг иштирокчилари манга ва аниме (япон комикслари ва мултфильмлари) «Ҳунтер Х Ҳунтер»дан илҳомланган. Ушбу гуруҳдаги ўсмирлар узун қора соч ва катакли шим билан ажралиб туради. Шунингдек, уларнинг кийимларида «4» рақами туширилган ўргимчак расми ҳам тасвирланган. Аниме ва мангада «Геней Рёдан» ёки «Ўргимчаклар» деб номланган жиноий тўда мавжуд. Шунинг учун ўргимчак уларнинг рамзи ҳисобланади.
Маълумотларга кўра, «Рёдан» ҳаракати интернетдаги бир нечта виртуал жамоалардан ташкил топган. Улар аниме мухлислари бўлиб, жамоада Япония анимеларини муҳокама қилган. Бироқ айни пайтда «Рёдан» ҳаракати турли даражадаги тан жароҳати ёки бировнинг мулкига зарар етказишни кўзлаган. Бу гуруҳ аъзолари асосан ўсмирлардан иборат бўлиб, уларнинг энг кичиги 15 ёшда. Россияда «Рёдан» субмаданияти «ВКонтанкте» ижтимоий тармоғида ҳам бир нечта жамоаларга эга. Уларнинг энг каттаси 193 мингга яқин обуначига эга.
Мазкур ҳаракат иштирокчилари ўз нишонларини аниқлаб, савдо марказларида оммавий муштлашув ва тартибсизликлар уюштиради. Россияда сўнгги кунларда оммавий муштлашувларда қатнашгани учун 450 га яқин ўсмир, Беларусда эса камида 200 киши ҳибсга олинган. Ушбу субмаданият вакиллари билан Қозоғистонда ва Украинада ҳам профилактика ишлари амалга оширилган. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳам фарзандларга эътиборли бўлишга, уларнинг субмаданий қизиқишларига бефарқ бўлмасликка чақирган.
«Болаларнинг аниме ва мангага бўлган қизиқишини қоралаб бўлмайди. Лекин бу қизиқиши туфайли у номаълум шахсларнинг таъсирига тушиб қолмаётганлигига, виртуал дунёни ҳақиқатдан ажрата олиш қобилиятини йўқотмаганлигига ишонч ҳосил қилинг», — дейилади огоҳлантиришда.
Ўтган ҳафтадан буён эса "Рёдан" ҳаракати Украина ва Россия ўртасида ўзаро сиёсий айбловларга сабаб бўлиб келмоқда.
Хўш, ҳаракатнинг Украинадаги урушга алоқаси борми?
Кенг жамоатчилик "Рёдан ХҲК" мавжудияти тўғрисида февраль ойининг сўнгги ҳафтасида хабар топган.
19 февраль куни Москвадаги "Авиапарк" савдо марказида юз берган ўсмирлар ўртасидаги оммавий муштлашув матбуотда ёритилган "Рёдан" аъзолари иштирокидаги илк зўравонлик ҳолати бўлган.
Bellingcat, Mediazona, The Moscow Times каби қатор нуфузли мустақил нашрларнинг ёзишича, оммавий муштлашув аниме мухлислари ва ўнг миллатчи кайфиятдаги ёшлар тўқнашуви ортидан юз берган.
Кейинроқ 12 оёқли оқ рангли ўргимчак ва аксар ҳолларда 4 рақами туширилган қора кийим кийиб юриши билан ажралиб турадиган "Рёдан"чи ўсмирлар йиғинлари нафақат Россия, балки Беларус, Украинанинг турли шаҳарларида ҳам кузатилган ва бундай тўпланишларнинг кўпи оммавий тартибсизликлар, ҳибслар билан якун топган.
Ўтган бир неча кун давомида ўсмирлар ўртасидаги бу ҳаракатга Украина ва Россия юқори ҳокимиятлари даражасида эътибор қаратилган.
Россия полицияси мамлакат мактаблари бўйлаб тарғибот учрашувлари ташкил этиб, ўқувчиларга ҳаракат ортида "Ғарб махсус хизматлари тургани", уларнинг нияти эса "рус ёшларини миясини заҳарлаш" эканини уқтираётгани хабар қилинган.
Россия Давлат Думасининг бир қанча депутатлари гуруҳ фаолиятини чуқур ўрганиш, мамлакатда анимени тақиқлаш ва "нодўст давлатларнинг" ҳаракатга алоқаси тўғрисидаги хабарларни текширишга чақирган.
Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков ҳукумат ҳолатни диққат билан кузатаётгани ва мазкур субмаданият тарқалишига салбий муносабатда эканини билдирган.
Украина томони Россиядан билдирилаётган айбловларни қатъиян рад этган.
Ўз навбатида, Киев полицияси Украина шаҳарларида ҳам тартибсизлик уюштираётган "Рёдан"чилар ортида "Россия пропагандачилари" турганини даъво қилган.
"Ёшлар ва ўсмирлар ўртасида кузатилаётган оммавий муштлашувлар Россия пропаганчилари томонидан уюштирилган навбатдаги ахборот-психологик операцияси ва болалардан фойдаланган ҳолда Украинадаги ички вазиятни беқарорлаштиришга уринишдир", — дея маълум қилган Киев полицияси Facebook'даги ўз саҳифасида.
Хусусий ҳарбий компания?
Россия ва Украина томони бир-бирини айблаётган бир пайтда мавзуга эътибор қаратган қатор таҳлилчилар, журналистлар ҳаракатнинг бирор мамлакатдаги ўсмирлар билан боғлиқ вазиятни беқарорлаштириш йўлида махсус ташкил этилганига далиллар деярли йўқлиги ҳақида ёзган.
Нуфузли Bellingcat нашри асосчиси Эллиот Ҳиггинснинг ёзишича, "Рёдан" номи остидаги аниме санъати мухлисларининг турли гуруҳлари интернетда маълум вақтдан бери тарқоқ ҳолда мавжуд бўлиб, улар, асосан, аниме мавзуси муҳокамаси, онлайн видео ўйинлар ўйнаш билан банд бўлган.
Аммо шу вақтга қадар кенг матбуотда бирор марта бўй кўрсатмаган "Рёдан" нега қўққисдан бузғунчилик ва тартибсизлик тимсолига айланиб, халқаро хавотирга сабаб бўлмоқда?
Воқеалар ривожини таҳлил қилган кузатувчилар ўзини ҳаракатга аъзо ҳисобловчи ўсмирлар ижтимоий тармоқда "Рёдан ХҲК" [хусусий ҳарбий компанияси - таҳр.] номини қўллай бошлаши ортидан илк оммавий муштлашувлар юзага келганига эътибор қаратган.
Ишонилишича, ўсмирлар ҳаракат номи билан бирга "Хусусий ҳарбий компания" қўшимчасини Россия томонида Украинадаги қақшатқич жангларда қатнашаётган "Вагнер" гуруҳига ҳазиломуз тақлид ўлароқ қўллай бошлагани айтилмоқда. Аммо бу Кремль очган урушини ёқловчи ўнг кайфиятдаги россияликларга ёқмаган.
"Рёдан"га алоқадор пабликларда ҳаракат аъзоларининг ўзи Украинадаги уруш ёки сиёсатга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги, "ХҲК" қўшимчасини видеоўйинлар стримларида ҳазил тариқасида ишлата бошлаганликларини таъкидлаган.
"Анимечиларга қарши бандитлар, скинхедлар ва миллатчилар бирлашиб, уларни дуч келган жойда тутиб ура бошладилар. Аммо депутатларга зўравонлик субмаданиятидан кўра аниме мухлислари хавфлироқ кўриниб кетди ёки шунчаки Украинани айблаш учун янги баҳонани қўлга киритдилар", дея ёзган ҳолатни кузатган россиялик блогерлардан бири.
Twitter'да яратилган мавзуга оид кўплаб трендларда мустақил кузатувчилар ана шундай ҳужумлар ортидан аниме мухлислари бир-бирини ҳимоя қилиш учун бирлаша бошлагани ва бу янги тўлқин бир ахборот маконида яшовчи пост-совет давлатлари ўсмирлари орасида акс-садо бергани ҳақида сўз боради.
Ҳар биримиз мустақил фикрлайдиган шахсмиз. Келажагимизни порлоқ қилиш ёки унга қора чизиқ тортиш ҳам ўз қўлимизда. Кўр-кўрона турли йўлларга кириб, бузғунчи ва вайронкор ғоялар гирдобига ғарқ бўлгандан кўра мустақиллик берган энг улуғ неъмат — тинчликни қадрлаб, юрт тараққиёти, равнақи йўлида хизмат қилган минг чандон афзал, албатта. Зеро, юрт тақдири баркамол авлод қўлида.








