Олий Мажлисга давлат кафолати остидаги ташқи қарзни тасдиқлаш ваколати берилди
Давлат харидларида тўғридан-тўғри сотиб олиш ҳолатлари фақат қонун билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қайд этганидек, бугунги кунда Олий Мажлис энг кучли парламентларга хос барча назорат ваколатларига эга.
Хусусан, 2023 йилдан буён ташқи қарз миқдорини парламент белгилаб келмоқда.
Эндиликда Президент таклифига кўра, давлат кафолати остида ташқи қарз олиш масаласи ҳам Парламент ваколатига ўтказилади.
Шунингдек, давлат харидларида товар, иш ва хизматларни тўғридан-тўғри сотиб олиш мумкин бўлган ҳолатлар фақат қонун билан белгиланади.
Конституциявий ислоҳотлар доирасида вилоят ҳокимлари ва маҳаллий кенгашлар раислари лавозимлари бир-биридан ажратилган эди. Энди бу тизим 2026 йилдан 208 та туман ва шаҳарда ҳам йўлга қўйилади.
Президент таъкидлашича:
“Айни пайтда ушбу жиддий сиёсий ислоҳот ҳокимлар ва ижро идораларидан Кенгашларга муносабатни мутлақо ўзгартиришни талаб қилади. Бундан буён депутат сўровлари ижроси ҳар чоракда таҳлил қилиниб, сусткашликка йўл қўйилган ҳолатлар бўйича прокуратурага тақдимнома киритилади.”







