Онлайн форматдаги “мажбурий обуна”лар
Бундан кимлар манфаатдор?

Бугун мамлакатимиз ва дунё миқёсида содир бўлаётган ўзгаришлар, воқеа-ҳодисалар, янгиликлар тўғрисидаги маълумотлар барча ижтимоий тармоқларда акс этиб боряпти. Бу янгиликлардан хабардор бўлишда эса интернет тизими, мобил телефонлар ва комьпютер технологияларидан фойдаланиш анча қулай ҳисобланади. Бундан ташқари, ўзаро маълумот алмашиш ёки бирор воқеа-ҳодисага муносабат билдириш, ўз фикрини баён этиш ёки ўзаро мулоқот қилишда ижтимоий тармоқлар жуда қулай.
Аммо танганинг иккинчи тарафи бўлгани каби масаланинг бошқа томони ҳам бор. Бугун айрим инсонлар Телеграмда канал очиб, ундан ўз манфаати йўлида фойдаланаётгандек...
“Юқоридан топшириқ: Зудлик билан мана шу каналга қўшилинг ва исбот учун менга скреншот қилиб ташланг, бу мажбурий!..” Бу каби хабарлар сизга ҳам бегона бўлмаса керак. Пандемия ўзи билан бирга кундалигимизга онлайн ва офлайн деган тушунчаларни ҳам олиб келди. Телеграм ижтимоий тармоғида ташкилот ва раҳбарларнинг канал (гуруҳ) очиши аллақачон модага айланган. Вазирдан то туман ҳокимларининг кўпида шахсий телеграм-канали бор. Бу яхши, албатта. Раҳбарларнинг ижтимоий тармоқда фаол бўлиши қайсидир маънода халққа яқинлигидан дарак. Аммо айримлар гўёки хўжакўрсинга ишлаётгандек. Қилаётган кичик яхшилигини ҳам дабдабали қилиб, расм ва видеога тушириб, тармоқлар орқали очко тўпламоқда. Бу ҳам етмагандек, қўл остидаги ёки шу соҳага алоқадор ходимларни бунинг тарғиботига жалб қиляпти. Инкор этиб бўлмайди: ҳамма нарса замонавийлашган сари мажбурий обуна масаласи ҳам замонавийлашди. Бугун кўпчилик онлайн форматдаги “мажбурий обуна”га жалб қилинмоқда. Хўш, бундан ким манфаатдор? Раҳбарми ёки ходим?
Яқинда бир танишим нуфузли ташкилотга ишга “кўтарилди”. Табриклаб хабар ёзсам, фурсатни бой бермай иш таклиф қилди. Яъни уни номидан телеграм канал очиб, фаолиятини мунтазам “реклама” қилиб боришни айтди. У қўл остидаги ходимларга биргина буйруқ билан канал аъзоларини кўпайтириб беришини ҳам қўшимча қилди... Мана муаммо қаерда. Одамларни ўзига қолса ҳозирги кунда ўзи учун керакли маълумот олиш қийин эмас. Интернетга калит сўзни ёзса, вассалом. Фойдаланувчига керагидан ортиқ маълумотлар базасини чиқариб беради.
Масалан, ўқитувчилар фаолиятига оид каналлар жуда кўп. Туман, шаҳар ва вилоят Мактаб ва мактабгача таълим тизимидаги расмий каналларга барча ўқитувчилар аъзо бўлган (мажбурий аъзо қилинган деган фикрдан йироқмиз). Аммо у ерда ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, турли замонавий методлар, ота-оналар учун фойдали маълумотларни топиш жуда қийин (йўқ деса ҳам бўлади). Бу каналлар раҳбарларнинг тадбирлари-ю, текширувга борганда тушган расмлари билан тўла. Аслида, ўқитувчига раҳбарнинг ҳисобот учун тушган сохта расми ва қарорлар ижросини юзаки бажаргани акс этган ундан-узун матнлар қизиқ эмас. Ишонинг, ҳатто уни ўқимайди ҳам. Масалан, мен ўқитувчи бўлмасам-да, Улуғбек Пўлатовнинг телеграм-каналига аъзо бўлганман. Чунки унинг каналида ўқитувчилар учун барча керакли маълумотларни топса бўлади. Бу каби қизиқарли ва фойдали каналларга “мажбурий обуна” ҳам шарт эмас. Шундоғам бундай каналларни излаб топиб, ўз хоҳиши билан аъзо бўладиганлар кўпчиликни ташкил этади. биргина ўқитувчилар эмас, бошқа барча соҳада аҳвол шу.
Ходимлар, хусусан, фуқароларни турли каналларига мажбуран аъзо қилиб, “кўриб қўй, мен ундай иш қилдим”, дея фотоархивини бойитаётган, лайк йиғиб, ундан баҳра оладиган ва ўзидан юқори раҳбарларга яхши кўриниш қабилида фаолиятини қуруқ ҳисоботлар билан бойитаётган раҳбарлар бизни бошқарар экан, ҳар қандай соҳа ривожининг келажаги бўлмайди. Зеро, ҳалол ва холис ишлаган раҳбаргина адолатли бўла олади.








