Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркия Каспий денгизи орқали савдони янада кенгайтирмоқчи
Бугун Бокуда уч давлат ташқи ишлар ва транспорт вазирлари учрашади.

27 июнь куни Бокуда Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркия ташқи ишлар ҳамда транспорт вазирларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар берди.
Туркия ТИВ баёнотига кўра, ушбу учрашувдан кўзланган мақсад уч давлат манфаатларига мос келадиган масалаларни мувофиқлаштириш ҳамда минтақавий алоқаларни кучайтиришдан иборат.
Вазирлар Каспий денгизи орқали ўтадиган Шарқ-Ғарб транспорт йўлагининг салоҳиятини янада оширишни ҳам кўриб чиқади. Айнан транзит масаласи марказий мавзулардан бири бўлиши кутилмоқда. Қозоғистон ва Озарбайжон сўнгги вақтларда Каспий денгизининг транзит имкониятидан янада кенг фойдаланиш устида иш олиб бормоқда.
Аввалроқ Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланиши тўғрисида хабар берилганди.







