Ўзбекистон

Президент Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан учрашди

“Халқимиз номидан барчангизга чуқур миннатдорлик билдираман”, деди давлат раҳбари улар билан суҳбатда.

Президент Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан учрашди

Президент Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғидаги “Миллат фидойилари” хиёбонида бўлди.

 

Давлатимиз раҳбарининг ғояси асосида ташкил этилган ушбу ёдгорлик мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотирасига бағишланган.

 

Мажмуа юқоридан қараганда давлатимиз байроғидаги ярим ой ва ўн икки юлдуз шаклида намоён бўлади. Қарийб икки метрли юлдузларнинг қирралари битиктош вазифасини ҳам ўтайди. Уларнинг ён тарафларига 196 нафар қаҳрамонларимиз номи зарҳал ҳарфлар билан ёзилган. Бу битиклар ёнига мониторлар ўрнатилган бўлиб, миллат фидойилари  тўғрисида маълумотлар фото ва видеолар орқали намойиш этиб борилади. Яъни, уларнинг фақат номи эмас, болалиги, орзулари, иши ва оиласи кўз олдимизда жонланади.

 

Байроғимиздаги ярим ой мўъжаз амфитеатр шаклида хиёбонга кўрк бағишлаган. Унинг тепасидан поклик рамзи – сув оқиб туради. Ойнинг орқа тарафидаги ҳайкалтарошлик композицияси бадиий ғояга якун ясаган. Унинг марказида фарзандини ҳарбий хизматга кузатган ота-она сиймоси гавдалантирилган. Икки ёнида Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Олий суд ва прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси, Миллий гвардия каби тузилмалар хизматчилари акс эттирилган.

 

Президентимиз шу ерда марҳум ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан учрашди.

 

– Ҳар йили бу ерга келиб, Иккинчи жаҳон урушидаги йўқотишларни эслаймиз. Энди мустақиллик фидойиларига бағишланган ушбу мажмуани ташкил қилганимиз хайрли иш бўлди. Чунки улар ҳам миллий қаҳрамонларимиз. Шу жиҳатдан, бу майдоннинг маънавий аҳамияти катта. Бу ҳам ўзликни англаш, бу ҳам инсон қадри, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Давлатимиз раҳбари ватан ҳимоячиларининг оила аъзоларига чуқур ҳурматини билдирди.

 

– Бу жасур ўғлонлар таҳликали вазиятда ўзини ўйламай, бурчига содиқ қолиб, халқи учун жонини фидо қилган. Ҳозирги тинчликда, осмонимиз мусаффолигида уларнинг катта ҳиссаси бор. Оилалари, барча яқинлари билиши керакки, улар орамизда худди тирикдек, номлари ҳеч қачон ўчмайди. Буни мана шу майдонда муҳрлаб қўйдик. Мен уларнинг ота-оналарига, турмуш ўртоқларига таъзим қиламан. Фарзандлари қаҳрамон оталарига муносиб бўлишини истайман, – дея таъкидлади Президент.

 

Миллат фидойилари туғилган туманларда хотира тадбирлари ўтказиш, уларнинг мардлигини ёшларга ибрат қилиб кўрсатиш, қаҳрамонликлари ҳақида асарлар ёзиш зарурлиги таъкидланди.

 

Президент Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнашчиларини ҳам зиёрат қилиб, байрам билан табриклади.

 

– Аввало, сизларни, сиз орқали барча фахрийларимизни Ғалабанинг 80 йиллиги билан табриклайман. Халқимиз номидан барчангизга чуқур миннатдорлик билдираман. Сизларнинг қаҳрамонлигингиз туфайли бугунги авлодлар шундай тинчлик-форовонликда яшаяпти. Бу тинчликнинг қадрини ёшларимизга сизлар орқали етказишимиз керак. Ҳаётингизнинг ўзи бизга намуна. Ҳар бир гапингиз жуда катта таълим, билим. Илоҳим, соғлиғингиз мустаҳкам бўлиб, кўп йиллар фахримиз, дуогўйимиз бўлиб юринг, – дея тилак билдирди Шавкат Мирзиёев.

 

Нуронийлар юртимизда тарихий хотира улуғлангани, кексаларга катта ҳурмат-эътибор кўрсатилаётганини айтиб, дуолар қилишди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19 февралдаги қарорига мувофиқ, уруш ва меҳнат фахрийларига муносиб ҳурмат кўрсатилмоқда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 10 минг АҚШ доллари миқдорида, ушбу тоифага тенглаштирилган шахсларга 25 миллион сўм, меҳнат фронти қатнашчиларига 3 миллион сўмдан бир марталик пул мукофотлари берилмоқда. Кўплаб муҳтарам нуронийларга “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” юбилей медаллари топширилмоқда.

 

Уруш фахрийлари ва ногиронлари учун тиббий ва ижтимоий хизматлар, жумладан, патронаж хизмати кўрсатилмоқда. Улар ўз хоҳишларига кўра санаторийларда даволанмоқда.

custom img

Сирдарёда кадастр ходими 1500 доллар пора билан қўлга тушди

У фуқаронинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва муддатидан олдин тайёрлаб бериш эвазига пул талаб қилган.

custom img

Фарғонада ҳужра ташкил қилиб, болаларга диний таълим бераётган шахс ушланди

Ҳужрада 6–14 ёшдаги 17 нафар бола ноқонуний тарзда таълим олаётгани аниқланган.

custom img

2026 йилда кимё саноатида 9,5 млрд долларлик 133 та лойиҳа амалга оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида кимё саноатидаги йирик инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

custom img

Туркияда ўлдирилган самарқандлик аёлнинг жасади Ўзбекистонга олиб келинди

Жиноятда гумонланиб 4 нафар шахс қўлга олинган.

custom img

Платформа яратиш учун ўтказилган тендерда қатнашган компаниялар бир шахсга тегишли бўлиб чиқди

Ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш платформасини яратиш жараёнида шубҳали давлат хариди ўрганилди

custom img

“Ўзбекнефтгаз” Хитой компанияси билан 30 та қудуқни бурғилаш бўйича шартнома имзолади

Лойиҳа доирасида 10 та бурғилаш дастгоҳи олиб келиниб, қудуқлар 5500−6000 метр чуқурликда бурғиланади.

custom img

Блогер Сирожиддин Одилов фирибгарликда ва пора беришда айбланиб, ҳибсга олинди

Блогер самарқандлик  фуқаронинг бошқа шахс билан молиявий масаласини ҳал қилиб бериш эвазига пул олган.

custom img

Тошкентда талабалар ва уй эгаси ўртасида ижара пули сабаб жанжал юз берди

Ҳозирда ҳолат юзасидан қонуний чора кўриш масаласи кўриб чиқилмоқда ҳамда ҳужжатларни туман судига юбориш режалаштирилган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"