Президент муфтий Нуриддин Холиқназаров билан учрашди
Мулоқотда диний-маърифий йўналишдаги ишлар сарҳисоб қилинган.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаровни қабул қилди.
Мулоқотда диний-маърифий йўналишларда, буюк аждодлар илмий меросини ўрганиш ва халққа етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинди.
Бугунги таҳликали дунёда халққа, айниқса, ёшларга ислом моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис мамлакатда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, диний таълим сифатини янада ошириш, ушбу йўналишдаги илғор халқаро тажрибани ўрганиб, Ўзбекистондаги диний таълим муассасалари фаолиятига татбиқ этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентнинг 21 мартдаги қарорига мувофиқ, мамлакатда муборак Рамазон ойи файзли ва шукуҳли ўтди. Инсонларни яхшилик ва меҳру саховатга, бугунги тинч ва осойишта ҳаётни қадрлашга ундайдиган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан барча имом-хатиблар иштирокида маҳаллалардаги 1 миллиондан зиёд кам таъминланган аҳолининг уйида ифторликлар уюштирилди. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳисобидан ёрдамга муҳтож фуқароларга 2 миллиард 446 миллион сўмлик хайру эҳсонлар қилинди.
Бу йилги Рамазон ойидаги яна бир муҳим янгилик 1 минг 400 нафар кам таъминланган фуқароларнинг давлат томонидан умра зиёратига юборилиши бўлди. Улар муқаддас манзилларда туриб, халққа тинчлик, файзу барака тилаб хайрли дуолар қилдилар.
Президент жамиятда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг виждон эркинлигини кафолатлаш бўйича ўз фикрларини билдирди.








