Қашқадарёда Nexia ва Cobalt тўқнашуви оқибатида бир киши ҳалок бўлди
Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

7 ноябрь куни соат тахминан 17:20 да Қашқадарё вилоятининг Гузор тумани ҳудудидан ўтувчи M-39 “Тошкент–Термиз” автомагистрал йўлида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, Nexia-2 ва Cobalt иштирокида юз берган тўқнашувда бир йўловчи оғир тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.
Ҳодиса натижасида яна икки нафар фуқаро тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бўлимига мурожаат қилган. Уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Расмийлар ҳодиса сабабларига оид дастлабки тафсилотларни аниқлаш ишларини давом эттирмоқда.
Мазкур воқеа юзасидан Гузор тумани ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати айрим каналларда тарқалган “ҳодисада тўққиз киши ҳалок бўлган” ҳақидаги хабарларни рад этди ва расмий тасдиқланган маълумотларга амал қилишни сўради.







