Қашқадарёда уйида эшак сўйиб сотган эркакка суд ҳукми ўқилди
Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида эркак ўз хонадонида эшак сўйиб сотаётгани ҳақидаги хабар шов-шувларга сабаб бўлган эди.


Ана шу иш бўйича Қарши шаҳар суди томонидан сайёр суд ўтказилган. Айбдор Х.Ж. судда гўштни пул эвазига итлар учун етказиб берганини, қилмишидан пушаймон эканини айтиб, енгиллик сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган тергов-суриштирув тадбирлари натижасида фуқаро Х.Ж Жиноят Кодексининг 186-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилиб, унга 2 йил муддатга аҳлоқ тузатиш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Тошкент вилоятининг Келес шаҳрида итлар сўйиб сотилаётгани ҳақидаги хабар ўз тасдиғини топмагани ва сўйилган гўшт чўчқаники бўлиб чиққани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, бирламчи ветеринария ҳужжатларига эга бўлмаган 2254 кг. гўшт маҳсулотлари Қашқадарё-Тошкент йўналишида тўхтатиб қолинган эди.
Чўлпоной Аҳмедова







