Қозоғистонда ёнғин оқибатида 12 киши, жумладан 9 бола вафот этди
Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ёнғин оқибатида ҳалок бўлганларнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти, Жетисой туманидаги Алғабас қишлоғидаги икки қаватли уйда содир бўлган ёнғин оқибатида 12 киши, жумладан 9 бола вафот этди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилди.
Ёнғин ҳақида хабар тушиши билан фавқулодда вазиятлар хизматлари воқеа жойига етиб борган. Уларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида ҳушсиз ҳолатда бўлган 3 нафар фуқаро эвакуация қилиниб, тез ёрдам бригадасига топширилган. Ичкаридан 12 киши, жумладан 9 боланинг жасадлари топилган.
Ҳозирда фавқулодда хизматлар воқеани бартараф этиш ва ёнғин сабабларини аниқлаш ишларини олиб бормоқда. Суриштирув ишлари бошланган.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Туристон вилоятидаги ёнғин оқибатида ҳалок бўлганларнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳукумат ва Туркистон вилояти ҳокимлигига яқин оила аъзоларига барча зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда фожиа сабабларини ўрганиш бўйича топшириқ берилди.







