“Раҳмонов яна жавобсиз қолди, жавобгарлик пастдаги ходимларга юкланди” — Кушербаев
174 туп дарахт кесилиши бўйича жиноят иши очилган, бироқ буйруқ берган амалдор тергов доирасидан ташқарида қолаётгани айтилмоқда.

Тошкентнинг Яккасарой туманида мораторийга зид равишда 174 туп дарахт кесилишига оид жиноят иши ободонлаштириш бўлими мансабдорларига нисбатан қўзғатилди. Бу ҳақда Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев маълум қилди. Дарахтларнинг кесилиши оқибатида давлатга 1,46 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилгани қайд этилган.
Кушербаевга кўра, жиноят иши Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми (кўп миқдорда зарар келтирган ҳолда ноқонуний дарахт кесиш) билан қўзғатилган. Бироқ дарахтларни кесиш ҳақида топшириқ бергани айтилаётган шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов жавобгарликдан четда қолаётгани танқид қилинди.
“Топшириқни берган раҳбар эмас, балки уни бажаришга мажбур бўлган оддий ходимлар жавоб бериши — бу номардлик,” дея таъкидлади Кушербаев. Ҳозирда тергов жараёни давом этмоқда.
Zamon.uz Бош прокуратура ва Экология вазирлигига мурожаат қилганида, ҳозирча расмий тасдиқ берилмади. Эслатиб ўтамиз, дарахтлар 25 октябрь куни тунда кесиб ташланган бўлиб, воқеа ортидан ҳокимлик ушбу ҳолат учун жамоатчиликдан узр сўраганди.







