Россия ҳарбий самолётлари Литва ҳаво ҳудудини бузди
Литва президенти бу ҳолатни “халқаро ҳуқуқ ва мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигига нисбатан очиқча таҳдид” деб атади.

Литва расмийларининг маълум қилишича, 23 октябр куни кечқурун Россия ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли иккита самолёт — Су-30 жангари ҳамда Ил-78 ёқилғи тўлдирувчи самолёт — мамлакат ҳаво ҳудудини бузган. Улар Калининград вилоятидан учиб чиқиб, Литва ҳудудига тахминан 700 метр чуқур кирган ва 18 сония ичида орқага қайтган.
Литва президенти Гитанас Науседа бу ҳолатни “халқаро ҳуқуқ ва мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигига нисбатан очиқча таҳдид” деб атади. Ҳукумат Россия элчихонаси ваколатхоналарига расмий нота юборишини маълум қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги эса айбловларни рад этди ва самолётлар Калининград устидан режалаштирилган парвоз машғулотларини ўтказаётганини билдирди.
НАТОнинг Балтик минтақасидаги ҳаво муҳофазаси миссияси доирасида Ишпания ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли Eurofighter самолётлари ҳолатга жавоб сифатида кўтарилган.
Литва ҳукумати мазкур воқеани НАТО билан биргаликда муҳокама қилиб, ҳудудий хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чоралар кўришни режалаштирмоқда.







