Шавкат Мирзиёев Вашингтонда АҚШ Эксимбанки раҳбари билан учрашув ўтказди
Ўзбекистон ва АҚШ Эксимбанки ўртасида қўшма лойиҳаларни молиялаштириш бўйича битим имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Вашингтон шаҳрига амалий ташрифи доирасида АҚШ Экспорт-импорт банки (EXIM Bank) раҳбари Жон Йовановични қабул қилди.
EXIM Bank — АҚШ ҳукуматининг расмий экспорт-кредит агентлиги бўлиб, Америка компанияларининг халқаро иқтисодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, экспортни суғурталаш, кафолатлаш ва молиялаштириш бўйича хизматлар кўрсатади.
Учрашувда Ўзбекистон ва EXIM Bank ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар тайёрланган қўшма дастур доирасида энергетика, муҳим минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва бошқа устувор йўналишларда йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш имкониятларини кўриб чиқди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон авиапаркини модернизация қилиш, “Boeing” самолётларини харид қилиш ва етказиб бериш жараёнида EXIM Bankнинг иштироки алоҳида қайд этилди. Амалий шерикликни давом эттириш ҳамда узоқ муддатли ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда АҚШ Эксимбанки ўртасида Қўшма лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисидаги битим имзоланди ва давлат раҳбари ҳузурида томонлар ўртасида ҳужжатлар алмашилди.







