Ўзбекистон

Cизларга ишониб маррани катта олдик—Шавкат Мирзиёев

Президент бир гуруҳ тақдирланганларга давлат мукофотларини топширди.

Cизларга ишониб маррани катта олдик—Шавкат Мирзиёев

 

 

Президент фармонларига мувофиқ, Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ шахслар фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланган эди. Шунингдек, мамлакат билан ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган катта ҳиссаси учун чет эл фуқаролари “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

 

Бугун, 30 август куни Кўксаройда мазкур мукофотларни топшириш маросими бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев йиғилганларни Мустақиллик байрами ва мукофотлар билан табриклаб, эзгу тилаклар билдирди.

 

“Давлатимизнинг олий мукофотларини сиз, азизларга топшириш мен учун ҳам катта шараф. Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни, жойларда мукофотларни қабул қилиб олаётган юртдошларимизни чин юракдан табриклайман”, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Бугун мамлакат тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда, улкан режа ва дастурлар амалга оширилмоқда. Президент мукофотланганларни ана шу ислоҳотларнинг ташаббускорлари, янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари деб атади.

 

“Ватан равнақи, халқ фаровонлиги учун меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Бугун сизларнинг олижаноб ва мардона меҳнатингизни халқ муносиб баҳолаяпти, давлатимиз қадрлаяпти. Ҳамма сизларга ҳавас билан қарайди”, – деди Президент.

 

Кейинги пайтларда дунё таҳликали бўлиб бораётгани, рақобат кескин тус олиб, иқтисодий алоқаларда узилишлар бўлаётгани ҳақида фикр билдирилди.

 

“Бу мураккаб шароитда етти марта эмас, етмиш марта ўлчаб иш тутишимиз керак. Ташқи сиёсатимизни шундай тузаяпмизки, бизнинг яккаю ягона муддаомиз – Ўзбекистон манфаатини таъминлаш. Мақсадимиз – халқимизни рози қилиш. Бунинг учун имкониятлардан янада самарали фойдаланишимиз, жайдари қилиб айтганда, борини асраб, йўғини яратиб яшашимиз керак”, – деди давлат раҳбари.

 

Бугун oмилкор тадбиркорлар, деҳқон ва фермерлар, ишчи-муҳандислар мамлакат тараққиётига беқиёс ҳисса қўшмоқда. Илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият, адабиёт ва санъат, спорт соҳаси вакиллари юртнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш йўлида фидойилик намунасини кўрсатмоқда.

 

Маҳаллага тушиб, ишларни манзилли ташкил этиш – давлат идоралари фаолиятининг мезонига айланди. Маҳалла фаоллари бу ислоҳотларга қанот бўлмоқда. Хотин-қизлар Ўзбекистондаги демократик жараёнларнинг, халқчил ислоҳотларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчисига айланиб бораётир.

 

Халқ умр мазмунини фарзандларида кўради. Шундай меҳр-эътибор билан улғайган ёшлар бугун ҳамма соҳада илғор бўлиб, мамлакатга ҳақиқий таянч ва суянч бўлиб майдонга чиқмоқда.

 

Мард ва жасур ҳарбийлар мамлакат сарҳадларини ҳимоя қилиш, эл-юртнинг тинчлиги ва осойишталигини сақлаш йўлида фидокорона хизмат қилмоқда.

 

“Мен сизларни ўзимнинг энг яқин маслакдошларим, сафдошларим деб биламан. Барчамиз аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, садоқат билан меҳнат қилиб, янги Ўзбекистонни яратаётганимиз билан фахрланамиз. Халқимизга, сизлар каби мард ва шижоатли юртдошларимизга ишониб маррани катта олдик. Биз учун биттаю битта тўғри йўл, ягона мақсад бор: у ҳам бўлса, кўпмиллатли халқимиз, жонажон Ўзбекистонимиз манфаати йўлида хизмат қилишдир. Мана шу қутлуғ йўлда барчангизга омад ва муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман”, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Шундан сўнг давлат раҳбари мукофотларни тантанали равишда топширди.

 

“Ҳар қандай мукофот бу аввало, эл-юрт эътирофи, Ватан ишончидир. Бугун кўксингизда ярақлаб турган орден ва медаллар барчангизга буюрсин, сизларни янги ютуқ ва марраларга чорласин. Илоҳим, мана шундай хурсандчилик кунларимиз кўп бўлсин! Юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин”, – дея тилак билдирди Президент.

 

Мукофотланганлар юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

 

Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, зиёлилар, аёллар ва ёшлар иштирок этди.

 

custom img

“Инспекторнинг бошига ёғоч бўлаги билан урган”

Бош прокуратура Фарғонада сув таъминоти ходими калтакланишига муносабат билдирди.

custom img

Тошкентда “Грузия маданияти кунлари”: икки давлат маданий ҳамкорлиги янги босқичга чиқмоқда

Тадбир Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги маданий ҳамкорликни ривожлантириш ва санъат, театр, кино ҳамда рақс йўналишларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида ташкил этилди.

custom img

Фарғонада сув таъминоти ходими фуқаролар томонидан калтакланди

Жабрланган ходимга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган ҳамда мазкур ҳолат юзасидан туман ички ишлар идорасига хабар берилган.

custom img

Хорижлик фуқаро Ўзбекистонга спорт озуқаси кўринишида синтетик гиёҳвандлик моддасини олиб кирмоқчи бўлди

Мазкур гиёҳванд моддаларни қабул қилиб олиши керак бўлган шахс Бектемир туманида қўлга олинган.

custom img

Ўзбекистонда ҳаво совиши ортидан метан заправкалар иши яна чекланади

10 март, сешанба куни соат 16:00 дан бошлаб Республикадаги метан заправкалар фаолиятига вақтинча чеклов жорий этилади.

custom img

Ўзбекистонда икки ой ичида 45 та жиноий гуруҳ фаолияти тўхтатилди

Шунингдек, 3150 та жиноят иши қўзғатилган, 2934 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган ва 980 нафар шахсга қамоқ эҳтиёт чораси тайинланган.

custom img

Сурхондарёда мактаб ўқитувчиси катта миқдорда наркотик модда сотаётганда қўлга олинди

Шунингдек, Сирдарёда тожикистонлик наркокурьерлар чагарадан улоқтирган 6 сумка наркотик моддани қабул қилиб олган икки шахс ушланди.

custom img

Тошкентда вояга етмаган ўғилларига машина берган ота 5 суткага қамалди

Ҳужжатсиз автомобил бошқарган болалар сабаб қўшнилар уларнинг отаси билан гаплашмоқчи бўлган, аммо эркак улар билан жанжаллашиб, ҳақорат қилган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"